Мустақиллик байрами тантаналари Анқарагача етиб борди (фоторепортаж)
Жамият
−
01 Сентябрь 2025 7675 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Мустақиллик байрами масофа ва чегара танламаяпти. Жумладан, мамлакатнинг 34 йиллик мустақиллиги тантаналари Туркия пойтахти Анқарагача етиб борди. Туркияда ўзининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликларга кеча, 31 август куни байрам шукуҳи улашилди. QALAMPIR.UZ байрам тадбирлари билан бевосита танишди.

Байрам тадбирлари икки босқичдан иборат бўлди. Дастлаб тўрт турдаги спорт мусобақалари: футбол, миллий кураш, қисқа масофага югуриш ва арқон тортиш бўйича беллашувлар ўтказилди.

Мазкур тадбирда ўзбек миллий кураши Туркияда кенг ёйилаётгани ва бунда Анқарада вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бораётган ўзбекистонликлар асосий ролда экани намоён бўлди. Бу эса Анқарада бўлиб турган ўзбекистонликлар маълум турдаги меҳнат фаолияти билан банд бўлишларига қарамай, ўзларини қизиқтирган спорт ўйинларига ҳам вақт топаётгани ва бу учун керакли шароитлар яратиб берилганининг далилидир.



Спорт мусобақалари якунлангач, ғолиблар Миграция агентлиги ва Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси томонидан турли совғалар билан тақдирланди. Спорт ўйинлари тадбирнинг алоҳида ёрқин қисми бўлди. Чунки мусобақалар турли нуқталарда ўтказилганига қарамай, Туркияда бўлиб турган ўзбекистонлик аёллар эркак ҳамюртларини қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатди.

Куннинг иккинчи қисмида навбат байрам дастурхони ва концерт дастурига етиб келди. Ўзбекистондан таклиф қилинган маҳоратли санъаткорлар ва айнан шу тадбир учун чақиртирилган ошпазлар тадбирнинг мазкур қисмида Анқарадаги ўзбекистонликларнинг хизматида бўлди. Тадбир якунида маъсуллар хориждаги, хусусан, Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролари учун келгуси миллий байрамларда ҳам шундай ҳиссиёт ва яқинлик улашишда давом этишга ваъда берди.


QALAMPIR.UZ мазкур тадбирларни ҳар бир деталигача ёритди. Тез орада Анқарада ўтган Ўзбекистон Мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган байрам ҳақидаги видеоматериални ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси