Ўзбекистон туризмдан 15 млрд доллар даромад олмоқчи – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
11:01 1242 1 дақиқа
Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожида туризм ва замонавий агросаноат иқтисодиётнинг асосий драйвер йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, сўнгги беш ойда Ўзбекистонга келган хорижий туристлар сони 27 фоизга ўсиб, 5,5 миллион кишини ташкил этган. Мамлакатда ҳар йили 15–20 миллионгача хорижий сайёҳни қабул қилиш ҳамда уларга камида 15 миллиард долларлик туризм хизматлари кўрсатиш салоҳияти мавжуд.
Президентнинг таъкидлашича, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туризм марказлари билан бир қаторда бошқа ҳудудларда ҳам сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ва инвестиция жалб қилиш учун катта имкониятлар мавжуд.
Шу билан бирга, анъанавий қишлоқ хўжалигини замонавий агробизнесга айлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон 70 дан ортиқ давлатга йилига 3,5 миллиард долларлик мева-сабзавот экспортини амалга ошириб, ўз агробрендини шакллантирган.
Президент форум иштирокчиларига мурожаат қилиб, уларни вилоятларга бориб, мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишишга, бой тажриба ва технологиялар асосида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга чақирган.
Шунингдек, барча ҳокимлар инвесторларга яқиндан кўмак кўрсатиши ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши таъкидланган.
Live
Барчаси