Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича Қозоғистондан ўзиб кетади – БМТ
Бу қизиқ
−
21 Январь 6810 3 дақиқа
2050 йилга бориб Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича Қозоғистондан ўзиб кетади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Жаҳон урбанизация истиқболлари 2025” ҳисоботида келтирилган.
Унга кўра, сўнгги 75 йил ичида дунёда урбанизация даражаси сезиларли даражада ошган. БМТ маълумотларига кўра, XX аср ўрталарида дунё аҳолисининг қарийб атиги 20 фоизи йирик шаҳарларда яшаган, кичик ва ўрта шаҳарлар ҳамда қишлоқ ҳудудларига эса 40 фоиздан тўғри келган. 2025 йилга келиб йирик шаҳарларда яшовчи аҳоли улуши 44,8 фоизга етди, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич 48,3 фоизгача ошиши прогноз қилинмоқда. Кичик ва ўрта шаҳарларда яшовчи аҳоли улуши 35,6 фоизгача қисқарган, 2050 йилга бориб эса 34,6 фоизгача камайиши кутилмоқда. Қишлоқ аҳолиси улуши аллақачон дунё аҳолисининг бешдан бир қисмидан кам: 2025 йилда – 19,6 фоиз. 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич 17,1 фоизгача тушиши прогноз қилинмоқда.
2025 йилда дунё минтақалари орасида урбанизация даражаси энг юқори бўлган ҳудуд Жанубий Америка бўлиб, у ерда аҳолининг 54 фоизи йирик шаҳарларда яшаган. Ундан кейинги ўринларда Осиё (46,1 фоиз), Африка (41,1 фоиз), Европа (40,4 фоиз), Австралия-Океания (38,2 фоиз) ва Шимолий Америка (36,8 фоиз) жойлашган.
Қишлоқ аҳолиси улуши энг паст бўлган минтақа Осиё бўлиб, бу ерда у 15,4 фоизни ташкил этган. Кейинги ўринларда Жанубий ва Шимолий Америка туради: мос равишда 20,8 ва 25,4 фоиз. Қишлоқ аҳолиси улуши энг юқори бўлган ҳудуд Океания ва Австралия бўлиб, у ерда бу кўрсаткич 29,2 фоизни ташкил этган. Шундан кейин кичик фарқ билан Европа ва Африка келади — мос равишда 27 ва 26,9 фоиз.
Марказий Осиёда 2025 йилда йирик шаҳарларда яшовчи аҳоли улуши 41,1 фоизни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич кичик ва ўрта шаҳарлардаги аҳоли улушидан (41,6 фоиз) бироз кам. Қишлоқ аҳолиси улуши 17,3 фоизни ташкил этган. Минтақа давлатлари орасида урбанизация даражаси энг юқори бўлган мамлакат Қозоғистон бўлиб, аҳолининг 45,3 фоизи йирик шаҳарларда яшаган. Кичик ва ўрта шаҳарларда 32,2 фоиз аҳоли истиқомат қилган. Қишлоқ аҳолиси улуши 22,4 фоиз бўлиб, бу минтақадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади: ундан юқори улуш фақат Қирғизистонда қайд этилган (23,1 фоиз).
Урбанизация даражаси бўйича минтақада иккинчи ўринни Ўзбекистон эгаллаган: мамлакат аҳолисининг 43,8 фоизи йирик шаҳарларда, 43,4 фоизи эса кичик ва ўрта шаҳарларда яшаган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси улуши Марказий Осиё давлатлари орасида энг паст бўлган – 12,8 фоиз.
Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда йирик шаҳарларда яшовчи аҳоли улуши 32,5 фоиздан 35,5 фоизгача бўлган оралиқда ўзгариб турган.
БМТ прогнозига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистон урбанизация даражаси бўйича Қозоғистондан ўзиб кетади: Ўзбекистонда йирик шаҳарларда аҳолининг 54,6 фоизи яшайди, Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 51 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда минтақадаги энг паст қишлоқ аҳолиси улуши сақланиб қолади (8,7 фоиз), Қозоғистонда эса аксинча, у Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичга айланади (18,7 фоиз) ва Қирғизистон кўрсаткичидан (18 фоиз) ҳам ошади.
Жаҳон миқёсида урбанизация жараёни давом этмоқда ва узоқ муддатли истиқболда у асосан йирик шаҳарларда жамланади, кичик ва ўрта шаҳарларнинг роли нисбатан барқарор бўлиб қолади, қишлоқ аҳолиси улуши эса изчил равишда қисқаради. Бу икки поғонали урбанизация моделининг шаклланаётганини кўрсатади, бунда асосий миграция оқимлари энг йирик шаҳар марказларига йўналтирилади.
Марказий Осиё учун ҳам ўхшаш йўналиш хос: йирик шаҳарларда аҳолининг улуши ошмоқда, бироқ кичик ва ўрта шаҳарлар сезиларли даражада кенгаймаяпти. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистон минтақанинг энг урбанизациялашган давлати бўлиб қолмоқда, бироқ ўрта муддатли истиқболда бу етакчиликни Ўзбекистонга бой бериши мумкин.