Ўзбекистон ва Қирғизистон “Чашма” булоғидан бирга фойдаланишга келишди
Жамият
−
25 Апрель 7211 3 дақиқа
Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларининг ёқалашишига сабаб бўлган “Чашма” булоғидан энди икки томон ҳам биргаликда фойдаланади. Бу ҳақда кеча, 24 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев раислигида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, музокаралар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси лойиҳа чизиғининг чегаранинг охирги тартибга солинмаган участкасидан ўтиши тўғрисидаги баённома ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланган.
Томонлар “Чашма” булоғи икки мамлакатнинг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлаган. Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилган.
Шунингдек, томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида икки мамлакат фуқароларининг “Чашма” булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олган.
Томонлар Ўзбекистон қисқа муддат ичида “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олган.
Музокаралар давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали айрим ўтказиш пунктларнинг ҳолати ва иш тартиби бўйича умумий позициялар ҳам келишиб олинган.
“Ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали фуқароларнинг қатнови ва юк ташишларини сезиларли даражада енгиллаштиришга ёрдам бераётган ўтказиш пунктлари бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш юзасидан ўтказилаётган икки томонлама музокараларга юқори баҳо берилди”, дейилади хабарда.
Қолаверса, икки мамлакат фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2004 йилдаги Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомани имкон қадар тезроқ имзолаш муҳимлиги қайд этилган.
Томонлар тез орада икки мамлакат ваколатли органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг учрашувини ўтказишга келишиб олган.
Билдирилишича, музокаралар якуни бўйича тегишли баённома ҳам имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
"Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.
Чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов билан учрашганди.
Live
Барчаси