Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистонга 600 млн метр куб сув беради
Олам
−
11 Август 6256 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистон жанубида ерларни суғоришдаги сув тақчиллигини енгиб ўтиш учун 600 миллион метр куб сув юборади. Бу ҳақда жорий йилнинг 7 август куни ҳукумат брифингида Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон жанубида ҳозирги ерларни суғориш билан боғлиқ вазият зудлик билан чоралар кўришни талаб қилади. Аввал тузилган давлатлараро келишувлар қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун зарур бўлган сув ҳажмини таъминлаш имконини беради.
Бозумбаев Ўзбекистон ва Қирғизистон вакиллари билан барча зарур музокаралар ўтказилганини билдирган. Бунгача Қозоғистонга сув етказиб бериш жадвалидан 1 миллиард метр кубдан ортиқ орқада қолиш қайд этилган.
“Бизда вегетация даври август ойида якунланади. Ўйлаймизки, таранг вазиятга қарамай уни талафотсиз ўтказишга ҳаракат қиламиз. Мен шахсан Туркистон вилоятини айланиб чиқдим, кўплаб туманлар, сув омборларини бориб кўрдим, фермерлар билан учрашдим. Қизилўрда вилоятини ҳам ҳаводан кўрдим. Вазият таранг, аммо ундан ҳам оғирроқ йиллар бўлган”, дейди Бозумбаэв.
Шунингдек, Қозоғистон Бош вазир ўринбосари жорий йилда Марказий Осиёдаги мураккаб иқлим шароитига эътибор қаратган. Бунга сув камлиги, ёзги юқори ҳарорат ва ёғингарчилик етишмаслиги киради. Бу ҳолат сув оқимини камайтирган ҳолда деҳқончиликда сув сарфини оширган.
Қанат Бозумбаевнинг маълумотига кўра, Сирдарё, Чу, Талас дарёлари ва бошқа каналларнинг сув ўтказувчанлиги одатдагидан 30-40 фоизгача пасайган. Бу эса минтақанинг сув билан таъминланишида қўшимча қийинчиликлар туғдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон вакиллари Тожикистоннинг Гулистон шаҳрида учрашиб, Сирдарё ҳавзасидаги сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини муҳокама қилган эди.
Live
Барчаси