Ўзбекистон юқори даромадли давлат бўлиши учун 1 аср керак – Жаҳон банки
Жамият
−
14 Август 8721 2 дақиқа
Ўзбекистон юқори даромадли давлатга айланиши учун, яъни аҳоли жон бошига даромад 14 минг доллардан ошиши учун камида 100 йил керак бўлади. Қозоғистоннинг бунга 30 йил ичида эришиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банкининг “Тадбиркорлик, технологияни жорий этиш ва инновациялар орқали ўсишни жадаллаштириш” номли ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, 3 та давлат – Ўзбекистон, Озарбайжон ва Тожикистоннинг юқори даромадли давлатга айланиши учун камида 100 йил вақт талаб этилади. Бунинг учун давлатлар аҳолисининг жон бошига ялпи ички даромади 14 минг 5 долларга етиши керак. Шунингдек, Жаҳон банки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши 2025-2026 йилларда 5,9 фоиз бўлишини прогноз қилмоқда.

Бошқа давлатлар, хусусан, Туркия, Қозоғистон ва Туркманистон бу кўрсаткичга етиши учун тахминан 28-30 йил, шунингдек, Қирғизистон, Украина ва Беларусга 70 йил вақт керак бўлади. Прогноз мамлакатлар иқтисодининг охирги 10 йилликдаги ўртача ўсиши асосида келтирилган.
Бироқ иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, 10 йиллик давр олинганда пандемиядаги пасайиш, шунингдек, давр бошида Қозоғистон ҳамда Қирғизистон (даромадлари)да кузатилган чуқур пасайишлар ўртача ўсишга сезиларли таъсир қилган.
“Агар даромадларнинг пандемиядан кейинги даврдаги ўртача ўсишини олсак, ҳисоб китобларимга кўра, жон-бошига даромадлар Қозоғистонда 2026 йилнинг ўзида 14 минг долларлик даражадан ўтади. Шунингдек, Туркманистон 2034 йилда, Тожикистон 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу даражадан ўтиши мумкин. Яъни Ўзбекистон барибир минтақада бу даражага энг охирги етадиган мамлакат бўлади (сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсиш билан)”, деб ёзади иқтисодчи ўзининг Telegram-каналида.
Маълумот ўрнида, ўтган йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми 3 092 долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,2 фоизга ошгани хабар қилинганди. ЯИМ таркибида бозор хизматлари 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқариш 6,6 фоизга, қурилиш ишлари 10,7 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4 фоизга ошган.
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Ўзбекистонда 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажми 160 млрд доллардан 200 млрд долларгача кўтарилиши мумкинлигини айтган эди.
Live
Барчаси