Ўзбекистон жанубида қадимги деҳқонларнинг излари топилди
Бу қизиқ
−
27 Август 9422 2 дақиқа
Халқаро археологлар жамоаси Ўзбекистон жанубидаги Тода ғоридан тошдан ясалган ўроқлар, ёввойи арпа ва бошқа донли экинлар уруғлари, шунингдек, тахминан 9,2 минг йил олдин маҳаллий овчи-теримчилар йиғган турли ўсимлик қолдиқларини топди. Бу эса деҳқончилик пайдо бўлишидан олдин мавжуд бўлган маданий анъаналар кутилмаган даражада кенг тарқалганини кўрсатади. Бу ҳақда Германия Геоантропология институти (GEA) матбуот хизмати хабар берди.
“Бу овчи-теримчилар учун деҳқончиликнинг Яқин Шарқда пайдо бўлиши билан боғлиқ маданий амаллар хос эди. Сўнгги йилларда биз кўплаб далиллар тўпладикки, маданий донли экинлар қадимги одамларнинг махсус ҳаракатисиз, тасодифан пайдо бўлган. Турли ҳудудларда бу каби анъаналар такрор ва такрор пайдо бўлгани ҳақиқати ҳам ушбу назариянинг фойдасига яна бир далилдир”, деди GEA илмий ходими Роберт Шпенглер.
Олимларнинг тахминича, деҳқончилик Яқин Шарқ, Ҳиндистон ва Эрон ҳудудларида тахминан 12–10 минг йил олдин, натуфий маданияти вакиллари ўтроқ турмушга ўта бошлаган вақтларда шаклланган. Улар яратган деҳқончилик анъаналари кейинчалик бошқа ҳудудларга тарқалган ва юзлаб ўтроқ халқлар маданиятининг шаклланишига олиб келган.
Археологларни узоқ вақтдан бери шу савол қизиқтириб келади: бу ўтиш жараёни қандай содир бўлган ва илк деҳқонлар буғдой, арпа, жавдар каби донларни қанчалик онгли равишда танлаб, уларни етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш кўникмаларини ўзлаштирган?
Ўзбекистонлик, хитойлик ва европалик археологлар бу саволларга жавоб топиш йўлида катта қадам қўйди. Улар Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятида жойлашган Тода ғорида олиб борган қазишмалар вақтида қатор топилмаларни очди.
Эрта неолит даврига (9,2 минг йил олдин) мансуб қадимий одамлар масканидан археологлар кўплаб ўсимлик қолдиқларини, жумладан, олма уруғлари ва писта чаққонлари, узун ва тор пичоқли тош пичоқлар, жировалар ва бошқа меҳнат асбобларини топди. Уларнинг юзасидаги изларнинг ўрганилиши шуни кўрсатдики, бу асбоблар ёввойи арпа пояларини ўриб олиш ва унинг донларини қайта ишлашда қўлланган. Айни тур арпа ҳозир ҳам Ўзбекистон жанубида ўсади.
Олимлар қайд этишича, ўхшаш чизиқли излар Левантдаги илк деҳқончилик маданияти ёдгорликларидан топилган “ўроқлар”да, шунингдек, Фарғона водийси жанубидаги Обишир-5 ёдгорлик мажмуасидаги анча кейинги артефактларда ҳам кузатилган.
Евроосиёнинг бир неча ҳудудида дон йиғиш учун мос шундай асбобларнинг бир вақтнинг ўзида пайдо бўлиши, археологларнинг фикрича, протодеҳқончилик анъаналари нафақат Яқин Шарқда, балки континентнинг бошқа ҳудудларида ҳам, қулай иқлим шароити мавжуд бўлган жойларда, деярли бир вақтда ва спонтан равишда пайдо бўлганидан далолат беради.
Live
Барчаси