Ўзбекистонда чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқартирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб чиқинди полигонлари сонини 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинган. 2025 йилда санитар тозалаш хизмати қамрови маҳаллалар кесимида 88 фоизга етган, соҳага махсус техникалар, мотороллерлар ва контейнерлар етказиб берилган, 132 та полигон атрофи кўкаламзорлаштирилган, 47 та полигон фаолияти тўхтатилган.

Жорий йилда санитар тозалаш корхоналарига қўшимча махсус техника ва контейнерлар етказиб бериб, қамровни 90 фоизга етказиш, 18 та полигонни рекультивация қилиш, 2030 йилга бориб, полигонлар сонини 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

Чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини қуриш орқали логистика харажатларини камайтириш, саралаш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, полигонларга тушадиган юкламани қисқартириш муҳимлиги таъкидланди. 2026 йилда 28 та, 2030 йилгача эса 70 та қайта юклаш станциясини қуриш кўзда тутилган.

Маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг бориши тўғрисида ҳам ахборот берилган. Умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган 6 та заводни қуриш ишлари Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида амалга оширилмоқда. Бу заводлар ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичда 633 миллион долларлик яна 5 та завод қуриш билан боғлиқ ишларни бошлашга кўрсатма берилган.

Хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича МДҲ ҳудудида илк интеграциялашган платформа яратиш таклиф қилинган. Навоий вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида хавфли чиқиндиларни лабораторияда тавсифлаш, махсус полигон ташкил этиш, чиқиндилардан RDF ёқилғи ишлаб чиқариш, физик-кимёвий ва термик қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Лойиҳа қиймати 260 миллион доллар бўлиб, йилига 330 минг тонна хавфли чиқиндини қайта ишлаш қуввати яратилади. Унинг амалга оширилиши экологик барқарорликни таъминлаш, янги стандартлар ва илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Қайд этилишича, 2017 йилда қурилиш чиқиндилари ҳажми 1,2 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 1,9 миллион тоннага етган.

Шу муносабат билан қурилиш чиқиндиларини “ҳосил бўлишдан утилизациягача” бўлган жараёнини тўлиқ назорат қиладиган рақамли платформа яратиш, чиқиндилар ҳаракатини GPS орқали реал вақт режимида кузатиш, полигонларда саралаш ва қайта ишлаш комплексларини ташкил этиш таклиф этилган.

Шунингдек, қурилиш объектларини қабул қилишда чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича шартнома шартлари бажарилганини мажбурий талаб сифатида белгилаш, ноқонуний ташлаш ҳолатларини фото ва видео қайд этиш орқали аниқлаш ҳамда жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

чиқинди табиат чиқинди полигони экологик барқарорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг