Ўзбекистонда машинанинг “пробег”ини ўзгартирганлар жазоланиши мумкин
Жамият
−
12 Ноябрь 3610 1 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда автомобилни сотишдан олдин унинг босиб ўтган масофасини ўзгартирганини яширганлар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда жорий йилнинг 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, сўнгги пайтларда фойдаланилган транспорт воситаларини қиммат нархларда сотиш мақсадида одометр (транспорт воситасининг босиб ўтган йўлини кўрсатадиган ускуна) кўрсаткичини сохталаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу боис, мазкур қонун билан одометр кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометр ускунаси алмаштирилгани ҳақида автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорни хабардор этмаслик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Хусусан, лойиҳада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 121-1-модда (автотранспорт воситаларининг одометр кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки одометр ускунаси алмаштирилганлиги ҳақида хабардор этмаслик) билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, транспорт воситаси сотилгунга қадар харидорни транспорт воситасининг босиб ўтган йўлини қайд этувчи одометр қурилмасининг кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометр қурилмасининг ўзи алмаштирилгани тўғрисида хабардор қилмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (4,12 млн сўмдан 6,18 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 20 ноябрига қадар давом этади.
Live
Барчаси