Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштирилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда пенсия ёши босқичма-босқич оширилиши режалашитирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Отажонов “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги” қонуннинг 32 йиллиги муносабати билан ўтказилган давра суҳбатида маълум қилди.

Унинг билдиришича, Ўзбекистонда пенсия ислоҳоти лойиҳасида пенсиянинг энг кам ёши эркаклар учун 60 ёшдан 63 ёшгача, аёллар учун 55 ёшдан 58 ёшгача оширилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу жараён босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Хусусан, пенсия ёши ҳар йили ярим йилга оширилиши мумкин.

Муродбек Отажоновга кўра, ҳозирда кўплаб давлатларда энг кам пенсия ёши 65 ёшдан баланд. Бироқ Ўзбекистонда “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан буён – 32 йил давомида пенсия ёши оширилмаган.

Отажонов Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ўсиб бораётганини қайд этган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда бу кўрсаткич 75 ёшга етган. Агар 20 йил олдин пенсионерлар пенсияга чиққандан сўнг ўртача 8-9 йил умр кўрган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич эркакларда 12,5 йил, аёлларда эса 20 йилни ташкил этмоқда.  Пенсия жамғармаси ижрочи директорига кўра, пенсия ёшини оширишда ҳар йили ярим йилга эмас, балки уч ойга ошириш кўриб чиқишилиши мумкин. Шу тариқа, пенсия ёши ҳар тўрт йилда бир йилга оширилади ва бутун ислоҳот 12 йил давом этади.

QALAMPIR.UZ ушбу маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида Пенсия жамғармаси матбуот котиби Баҳриддин Зиёдов билан боғланди. Унинг билдиришича, пенсия ёшини ошириш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган ва ҳозирда жамоатчиликка таклиф сифатида маълум қилинган. Жамғарма пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича аҳоли таклифларини йиғиш учун махсус платформани ишга туширмоқчи, бу жараён бир ой давом этади. Келиб тушган таклифлар ўрганиб чиқилгандан сўнг, уларни қайта муҳокама қилиш, зарур ўзгартиришлар киритиш ва пенсия ислоҳоти лойиҳасини журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида расман тақдим этиш режалаштирилган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонда амалдаги пенсия тизими ўрта муддатли истиқболда барқарорлигини таъминлаши ва етарли пенсияни тақдим этиши учун ислоҳ қилиниши зарур деб ҳисоблаши ҳақида эълон қилган эди. Хусусан, ХВЖ пенсияга чиқиш ёшини босқичма-босқич оширишни тавсия қилганди.  

Кейинроқ Пенсия жамғармаси мазкур таклиф юзасидан муносабат билдириб, бугунги кунда Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаганини, пенсия ислоҳотини ўтказиш бўйича халқаро экспертлар томонидан берилган таклифлар ҳозирда Ўзбекистон шароитига мослиги, аҳолининг турмуш даражасига таъсири ва иқтисодий оқибатлари таҳлил қилинаётганини билдирган эди.

Ўшанда ҳам пенсия тизимига киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, жумладан, пенсия ёшига оид масалалар ҳам, албатта, кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, халқнинг фикри ва манфаатларини инобатга олинган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилиши айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

пенсия ёши пенсия ислоҳоти Муродбек Отажонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг