Ўзбекистонда ярим йилда 48 мингдан ортиқ аёл-қизлар зўравонликка учради
3-саҳифа
−
12 Август 5350 2 дақиқа
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда аёл-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик 121 фоизга кўпайган. Ҳолат ортидан Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова номига сенатор сўрови юборди. Бу ҳақда Олий Мажлис сенати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўров Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан юборилган. Сенаторнинг таъкидлашича, қабул қилинган қонунлар ва чораларига қарамай, сўнгги йилларда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ошиб бормоқда.
Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 48 303 та тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 121 фоизга кўп. Энг кўп ҳолатлар Тошкент вилоятида (9 414 та), Бухоро (5 612 та), Қашқадарё (5 268 та) ва Андижон вилоятларида (4 808 та) қайд этилган. Шу даврда 930 нафар аёлга такрорий ҳимоя ордерлари берилган.
Қайд этилишича, сенатор сўровида қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тазйиқ ва зўравонликка олиб келувчи сабабларни аниқлаш, профилактик ишларни кучайтириш, ваколатли органлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва маҳаллаларда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вояга етмаган 15 ёшли қиз 4 нафар йигит томонидан зўрлангани ва унинг Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага ётқизилгани хабар қилинган эди.
Шунингдек, Тошкент вилояти туманларидан бирида эркак ўз қизига зўравонлик қилгани аниқланганди. Суд қарорига кўра, эркак ўз фарзандига нисбатан оғир жиноят содир этганликда айбдор деб топилган ва унга 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Live
Барчаси