Ўзбекистондаги масжидларда ёмғир сўраб истисқо намози ўқилади – Мусулмонлар идораси
Жамият
−
25 Ноябрь 10118 2 дақиқа
Жорий йилнинг 28 ноябрь куни жума намозидан кейин Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди.
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғмай, сувсизлик бўлган даврларда жамоат билан қиблага юзланиб, дуо қилганлари, кейин ўзлари имом бўлиб намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Аллоҳ таолодан сув-ёмғир сўраладиган истисқо намози фазилати ҳадис китобларида баён қилинган.
Жорий йилда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани, ёмғир эса ризқу-рўз, мўл-кўлчилик омили экани эътиборидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан 2025 йил 28 ноябрь куни жума намозидан кейин юртимиздаги барча масжидларда Аллоҳ таолодан тавба-тазарру, истиғфор ила ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, вилоятлар, туман-шаҳарлар марказий масжидлари ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, ёрдамга муҳтож оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар, мискинлар, боқувчисини йўқотган кексаларга тарқатилади.
Идорага кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий” асари шу йил 28 ноябрь куни жума намозига қадар хатмул кутуб қилинади.
Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада умра зиёратида бўлиб турган элликбоши имом-домлаларга Ҳарами шарифларда ўз гуруҳлари иштирокида истисқо намозини ўқишлари тавсия этилмоқда.
Live
Барчаси