Ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳкум Германияда вафот этди
Жамият
−
27 Июль 42744 1 дақиқа
2008 йилнинг 10 октябрида машинасидан наркотик моддалар чиққан, дея иддао қилиниб, ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист Солижон Абдураҳмонов кеча, 26 июль куни 75 ёшида Германияда вафот этди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
“Аканинг армони – иши бўйича оқлов ололмади. Наркотик ташлаб қамашганди. 75 дан ўтганди, жойи жаннат бўлсин! Алвидо, яхши инсон!”, деб ёзди Абдураҳмон Ташанов.
Унинг ёзишича, ҳозирга қадар Берлинда истиқомат қилиб келган марҳумнинг болалари қидирилмоқда.
Маълумот учун, марҳум Қарши шаҳридаги Шайхали қамоқхонасида сақланаётган вақтида бир қанча халқаро инсон ҳуқуқлари ноҳукумат ташкилотлари уни озод қилишга чақирган, жумладан “Amnesty International” уни виждон маҳкуми деб эълон қилган. 2014 йилда сўз ва матбуот эркинлиги учун “Iogann Filipp Palm” мукофоти билан тақдирланган. Абдураҳмонов ўзига нисбатан қўйилган айбни ҳеч қачон бўйнига олмаган. Унингча, гиёҳванд моддалар органлар томонидан атайлаб ташлаб қўйилган. У 2017 йилда Ислом Каримов вафотидан сўнг, 9 йил-у 4 ойлик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиққан.
Солижон Абдураҳмонов Қорақалпоғистондаги оддий инсонлар ҳаёти ҳамда Орол денгизи қуришининг инсоний таъсири ҳақидаги мақолалари билан танилган.
Live
Барчаси