Халқлар дўстлиги куни. “Ўзбекистондан миннатдормиз”

Жамият

30 июль “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан жорий йилнинг 25-31 июль кунлари Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва дўстликни тараннум этувчи анъанавий “Дўстлик” фестивали тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

“Дўстлик” фестивали доирасида Тошкентда 22 та давлатнинг маданий маркази павильонларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлис депутатлари, тегишли қўмита аъзолари, турли миллат ва элат вакиллари иштирок этди. QALAMPIR.UZ тадбирни бевосита ёритиб бир қанча хорижлик дипломатларга Ўзбекистоннинг бугунги инвестицион салоҳияти ҳақида савол билан юзланди

Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустигга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда икки юз элликдан ортиқ Исроил компаниялар фаолият юритмоқда ва сўнгги йилларда савдо ҳажми қарийб 20 фоизга ошган.  

“Айни пайтда, қишлоқ хўжалиги, “яшил” технологиялар, юқори технологиялар, фармацевтика ва тиббиёт соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик мавжуд. Исроил делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюриб, бу ерда мавжуд бўлган турли имкониятларни ўрганмоқда. Ўйлайманки, Ўзбекистон – ривожланаётган бозор бўлиб, у кўплаб тараққиёт имкониятларини тақдим этади. Ривожланган давлатлар, хусусан Исроил, ўз тажрибасидан келиб чиқиб, янги технологияларни яратди ва эндиликда ушбу технологияларни Ўзбекистон билан баҳам кўриб, у ерда маҳаллий технологияларни ривожлантиришга ёрдам бериши мумкин. Камчиликлар борасида айтадиган бўлсам, баъзида бу ерда бизнес юритиш учун кўпроқ меҳнат қилиш талаб этилади. Бироқ Исроил элчихонаси Ўзбекистонга келаётган инвесторларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришдан мамнун”, деди дипломат.

Беларуснинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар бўйича вакили Алелсандр Николаевич Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида жуда яқин, ҳар томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар ривожланаётганини урғулаб, бугунги кунда икки давлат ўртасида кенг қамровли шартномавий-ҳуқуқий асос яратилгани, иқтисодиёт эса жуда динамик ва самарали ривожланаётганини қайд этди.

“Биринчи навбатда, албатта, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳаларга эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, биз туризмни ҳам фаол равишда ўзаро ривожлантириш имкониятларини топмоқдамиз. Ўзбекистондаги ҳозирги ислоҳотлар бу ерга бизнес ва инвесторлар кириб келиши учун жуда кўп имкониятлар яратмоқда. Беларусдан аллақачон бу ерга кириб келган ёки Ўзбекистонда фаол ишлаш ва ўз ишлаб чиқаришини очиш имкониятини кўриб чиқаётган бир нечта жиддий компаниялар бор. Шу сабабли, ишлашни истаган ҳар қандай одам имконият топа олади, айниқса мамлакат раҳбарияти бу борада фаол ёрдам бераётган бир пайтда”, деди Алелсандр Николаевич.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келмоқда. Турли миллатлар ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одатлари, қадрият ва анъаналарини сақлаш ҳамда ёш авлодга етказиш мақсадида 157 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатяпти. Айниқса, мамлакатнинг сиёсий институтлари ҳисобланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 12,7 фоиз, маҳаллий Кенгашларда 11,2 фоиз депутатлар турли миллат ва элатлар вакиллари ҳисобланади.

Ҳар бир павильонда турли миллатларнинг урф-одатлари, анъанавий кийимлари, миллий таомлари ва бой маданий мероси акс эттирилган экспозициялар тақдим этилди. Тадбир давомида биз турли элатлар вакиллари билан ҳам суҳбатлашиб, уларнинг бугунги байрам ҳақидаги таассуротлари ҳамда Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик  борасидаги фикрларини эшитдик.

Қрим-татар миллий маданий маркази бадиий раҳбари Зокир Ажиосман ўзларига бириктирилган павильонни қрим-татар халқига оид расмлар билан, Боғчасарой макети билан безатганини айтиб, хон саройи ҳақида бизга маълумот берди. Шунингдек, “Дўстлик” кунлари Ўзбекистонда жуда катта байрамга айланиб қолгани, бу тантана етти кеча-ю етти кундуз қайд этилишини айтиб ўтди.

“Энди бизнинг хонлар қарийб 17–18 та Герай (Қрим хонлари сулоласи – таҳр.) бўлган. Энди шу Боғчасаройда ўтириб, яшаб, давлатни қараган. Биласизми? Мана, 25 июлдан бошлаб, 31-санагача байрам. Ўшанинг учун етти кун – бу жуда асосий байрам”, деди у.

Қолаверса отахон ўзбек ва қрим-татар халқлари бир миллат экани, қрим-татарлар Ўзбекистонда нимадир бўлса, ҳамиша ёрдамга шошишини урғулади.

“Бизнинг тилимиз бир, динимиз бир. Ўшанинг учун биз, агар сизга нимадир ёмонлик бўлса, биз  туриб, ёрдамга борамиз ҳар доим. Ўзбек халқи меҳмондўст, кейин очиқ халқ”, деди Зокир Ажиосман.

Ёш ва умидли хонанда Меҳди Майисоғли тадбирда чиқиш қилиш учун Озарбайжондан келгани ва бу тадбирда иштирок этаётганидан ва “Ўзбек боласи” қўшиғини озарбайжон тилида куйлашдан фахр туйғусини ҳис қилаётганини билдирди. 

“Чунки Ўзбекистон жуда тарихий мамлакат, юксак маданиятга эга. Мен доимо қизиқаман ва ўрганаман. Бугунги дўстлик фестивалида иштирок этганимдан жуда хурсандман. Бугун озарбайжон тилида “Ўзбек боласи” қўшиғини куйлайман, ёқади деган умиддаман”, деди у.

Туркман маданият маркази раиси Амангул Авездурдиева Ўзбекистонда ҳеч қандай миллат ажратиш йўқ эканлигидан, бошқа халқ вакилларига барча шарт-шароитлар яратиб берилаётганидан севинишини билдирди ва улар хоҳласа, туркман тилида, хоҳласа, ўзбек тилида ўқишини, Ўзбекистонда 45 та туркман тилида дарс олиб борилаётган мактаблар борлигидан хурсанд эканини қайд этди.

“Шу она тилимизни, урф-одатларимизни эсимиздан чиқармаслигимиз учун республикамизда бизда Президентимиз томонидан турли шарт-шароитлар яратиб берилган. Дўстлигимизга кўз тегмасин, ўзбек-туркман дўстлиги абадий бўлсин!” деди Амангул опа.

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон инвестиция Беларусь маданият Халқлар дўстлиги Дўстлик Гидеон Лустиг Қрим-татар Амангул Авездурдиева Туркман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг