Вэнс Кнессетнинг Ғарбий Соҳил бўйича қарорини сиёсий найранг деб атади
Олам
−
23 Октябрь 3633 2 дақиқа
Аввалроқ, Исроил парламенти – Кнессет Ғарбий Соҳил ҳудудидаги яҳудий аҳоли пунктларига Исроил суверенитетини татбиқ этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини дастлабки ўқишда маъқуллагани ҳақида хабар берилганди. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс мазкур қарорни “аҳмоқона сиёсий найранг” деб атади. Бу ҳақда у бугун, 23 октябрь куни Исроилдаги Бен Гурион аэропртида Вашингтонга жўнаши олдидан журналистларга маълум қилди.
“Мен шахсан ўзимни ҳақоратлангандай ҳис қилдим. Агар бу сиёсий найранг бўлган бўлса, у ҳолда жуда аҳмоқона. АҚШ Исроилга Ғарбий Соҳилни аннексия қилишга йўл қўймайди. Биз бу овоз беришдан мамнун эмасмиз”, дейди у.
Қайд этиш жоиз, шу мавзуда АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам жорий йилнинг сентябрь охирида ўз позициясини билдирганди. Ўшанда у Исроилга Ғарбий Соҳилдаги ҳудудларни аннексия қилмасликни қатъиян уқтирган. Трамп бу масалани Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида муҳокама қилганини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 22 октябрь куни Кнессет Ғарбий Соҳил бўйича қонун лойиҳасини маъқуллаб, шу билан бирга, Ғарбий Соҳилдаги йирик яҳудий шаҳарчаси Маале-Адумимга ҳам Исроил суверенитетини татбиқ этиш таклифини дастлабки ўқишда қўллаб-қувватлаганди. Қонун лойиҳалари энди Кнессетнинг Ташқи ишлар ва Мудофаа бўйича қўмитасига кўриб чиқиш учун юборилади ва парламентда яна уч марта овозга қўйилади.
“The Times of Israel” нашрининг ёзишича, Нетаньяху бу икки қонун лойиҳасининг қабул қилинишига йўл қўйиши эҳтимолдан йироқ, чунки бу Трамп маъмурияти билан зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.
Live
Барчаси