Вазир ўринбосари таъмирлашга қаршиларни қамоқхонага кўчиришни таклиф қилди
Олам
−
27 Ноябрь 23162 2 дақиқа
Қирғизистон Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Талантбек Иманакунович Бишкекдаги таъмирлашга қарши бўлганларни қишлоқлар ёки қамоқхоналарга кўчиришни таклиф қилди. Бу ҳақда у “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Расмийга кўра, пойтахт юқорига қараб ўсиши керак.
Вазир ўринбосарининг айтишича, баъзи фуқаролар, жумладан, парламент аъзолари ҳам шаҳарда тирбандлик йилдан-йилга кучайиб бораётганидан хавотирда. Агар 100 кишилик эски биноларни таъмирлаш дастури доирасида 500 ўринли кўп қаватли уйлар қурилса, бу муаммони янада кучайтириши мумкин.
“Бишкек пойтахт бўлгани учун биз ўсишимиз керак. Мен яқинда Пекинда бўлганман, у ерда 10-12 линялик катта йўллар бор. Аҳоли бир жойдан бошқасига 1-1,5 соат ичида етиб боради, чунки бу пойтахт Пекин”, деди у.
У аҳолига: “Агар сиз тоза ҳаводан нафас олишни, ўзингизни эркин ҳис қилишни ва сизни ҳеч ким ушлаб турмаслигини истасангиз, қишлоқ ёки қамоқхонага боринг”, дея мурожаат қилган.
Унинг қўшимча қилишича, Президент Садир Жапаров тўғри сиёсат олиб бормоқда.
“Ҳозирда вилоятларда давлат уй-жой муассасаси томонидан уй-жой мажмуалари қурилмоқда, ҳар йили ободонлаштириш учун миллиардлаб сом маблағлар ажратилмоқда. Бу биноларда болалар майдончалари ва бошқа қулайликлар ҳам бор. Бундай шароитлар нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам бўлиши керак. Илгари Бишкек ва Ўш асосий шаҳарлар бўлган бўлса, эндиликда Манас шаҳри ҳам. Келгуси беш йил учун режаларимиз ва стратегиямиз бор, бу муаммоларнинг барчаси келажакда ҳал қилинади”, деди вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чуй вилоятига амалий ташрифи чоғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги раҳбариятини кескин танқид қилиб, вазирлик таркибидаги коррупцияга оид айбловлар тасдиқланса, жазоланишини айтиб, жумладан, қамоқ жазоси билан таҳдид қилганди.