Венгрияда фавқулодда ҳолат режими узайтирилди

Олам

image

Бугун, 21 октябрь куни Венгрия парламенти мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини яна олти ойга – 2026 йил 13 майгача узайтирди. Ушбу қарор Украинадаги қуролли можарога боғлиқ ҳолда қабул қилинди. Бу ҳақда парламент сайтида хабар берилди.

Парламентдаги овоз бериш жараёни қонунчилик органи сайтида жонли эфирда намойиш этилган. 127 депутат қарорни қўллаб-қувватлаган, 56 нафари эса қарши чиққан. Фавқулодда ҳолат режими Бош вазир ва ҳукуматга айрим қарорларни парламент муҳокамасиз, тезлаштирилган тартибда фармон ва қарорлар орқали қабул қилиш имконини беради. Ҳукмрон “ФИДЕС – Венгер фуқаролик иттифоқи” партияси ва унинг иттифоқчиси – Христиан демократлар анъанавий тарзда ҳужжатни қўллаб-қувватлаган, мухолифат эса уни танқид қилган.

Венгрия ҳукумати илк бор фавқулодда ҳолатни 2022 йилнинг май ойида, Украинадаги воқеалар сабабли 180 кун муддатга эълон қилган. Шундан буён у олти марта узайтирилган.

“Украинадаги можаро уч йилдан ортиқ давом этмоқда ва Венгриядаги вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Унинг оқибатлари бизнинг кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланди, бу эса фавқулодда ҳуқуқий тартибни сақлаш зарурлигини яққол кўрсатади”, дейди Адлия вазирлиги давлат котиби Роберт Репаши парламентдаги чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат фавқулодда ҳолатни яна ярим йилга чўзишни зарур деб ҳисоблайди. Шу сабабли 2026 йилнинг апрелига режалаштирилган парламент сайловлари фавқулодда ҳолат шароитида ўтади.

Маълумот учун, Венгрияда бундай тартиб илк бор 2020 йилда пандемия сабабли жорий этилган. Ҳукумат ўшанда мамлакатни самарали бошқариш учун кенгроқ ваколатларни сўраган, бу эса мухолифат ва Европа Иттифоқи раҳбариятининг танқидига сабаб бўлган. Бироқ Виктор Орбан ҳукумати томонидан фавқулодда ҳолат даврида ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Олий Радаси мамлакатда ҳарбий ҳолатни 17-марта узайтирган эди. Депутатлар ҳарбий ҳолат ва сафарбарликни яна 90 кунга чўзиш учун овоз берган. Шу тариқа, Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик 2026 йил 3 февралгача амал қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

фавқулодда ҳолат Венгрия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг