Вэнс ва Нетаньяху Эрон уруши сабабли урушиб кетди
Олам
−
11:46 12398 2 дақиқа
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан баҳсли телефон суҳбатини ўтказди. Бу ҳақда Исроилнинг “Kasho” телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, таранглик шундан келиб чиққан: Вэнс Эрон билан урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга интилаётган бўлса, Бош вазир эса Эрон режимини бутунлай йўқ қилиш тарафдори.
Вице-президент АҚШ армиясининг мамлакат ташқарисидаги можароларда иштирок этишини қўллаб-қувватламаслиги билан танилган. Уруш бошланишидан оз вақт олдин у “The Washington Post” газетасига интервью бериб, АҚШ “ўтган хатоларни такрорламаслиги” кераклигини айтган. Американинг айрим манбаларига кўра, у уруш бошланишига фақат “тез ва кучли зарба бериш” шарти билан рози бўлган.
Аммо Оқ уй умидларидан фарқли ўлароқ, Эрон режими етарлича қаршилик кўрсатмоқда – ҳатто етакчиларининг катта қисми ҳалок бўлишига қарамай, АҚШ Яқин Шарқда янги урушга ботиб қолган кўринади. Вэнс Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатда Исроил бошқарувининг уруш ҳақидаги қарашларининг объективлигига шубҳа билдирган. Вэнс, айниқса, Нетаняхунинг “халқ исёни режимни ағдаради” деган тахминларини ҳаддан ташқари оптимистик, деб атаган.
Шу билан бирга, Венс БАА ва Қатар делегациялари билан ҳам музокаралар олиб борган. Хабар берилишича, у Эрон билан билвосита музокараларда ҳам иштирок этган. Бу ташаббус Эронга Трамп маъмурияти урушни иложи борича тезроқ якунлашни хоҳлашини кўрсатиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан АҚШ Эрон билан олиб борилаётган музокаралар доирасида Туркия билан алоқаларни мувофиқлаштираётгани ҳақида айтганди.