“Экотерроризм” хавфи - Weekend
Таҳлил
−
20 Июль 7419 18 дақиқа
Жорий ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.
Кислородни ким компенсация қилади?
Ўзбекистон йўлларидаги ўлимлар ўтган йиллар давомида шу даражада кўпайдики, бу ҳатто одамлар орасида, ижтимоий тармоқларда янги “автотерроризм” ёки “автотеррорчи” деган атаманинг вужудга келишига сабаб бўлди. Аммо мамлакатда, бўлиб ҳам пойтахтда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун жуда муҳим бўлган дарахтларнинг қирилиш ҳолатлари ҳам йўллардаги қирғинлардан қолишмаслиги оқибатида яқин орада тилимизда “экотерроризм” ёки “экотеррорчи” каби сўзлар оммалашса ажаб эмас. Энг ёмони, бундай хунук жараёнга аҳоли томонидан давлат бошқарувидаги энг муҳим бўғинлардан бири бўлган Олий Мажлисга сайлаб қўйилганларнинг аксарияти ҳам беписанд қарамоқда.
17 июль куни Савдо-саноат палатасининг қурилиш соҳасига бағишланган йиғилишида тадбиркор Мурод Назаровнинг Тошкент шаҳрида қурилиш қилаётганларга дарахт кесишга қўйилган чекловни олиб ташлаш бўйича айтган гаплари ижтимоий тармоқларни портлатиб юборди. Реконструкция, реновация, “дарахтлар банки”, хуллас, Назаров айтган ҳар бир жумла муҳокама қилинди, тармоқларда тинимсиз айланди, кескин танқид остига олинди. Бунга бир бошдан тўхталишнинг хожати йўқ. Қисқа қилиб айтганда, Мурод Назаров Ўзбекистон Президенти томонидан дарахтларни ноқонуний кесишга қарши жорий қилинган мораторийга “барибир амал қилинмаётгани”, кесилишлар давом этаётганини айтиб, мазкур масалага ечим сифатида қурувчи компаниялар зиммасига келгуси йилларда кесмоқчи бўлган дарахтлари ўрнига олдиндан янгиларини экишни юклаш кераклигини такидлади. Назаровнинг ҳаёлидаги бу хом таклиф “дарахтлар банки” деб номланади.
Хуллас, унга кўра, қурувчилар келаси ёки ундан кейинги йилда тахминан қанча қурилиш қилишини билади ва тахминан нечта дарахтни нобуд қилишини ҳам. Эртага нечта дарахт кесишга тўғри келса, уларнинг диаметри, кўрсаткичлари белгилаб қўйилиши ва шунга мос эквивалентда олдиндан дарахт экиши керак. Шу билан иш битди ҳисоб. Табиатга етказилган зарар тужжор наздида шу билан компенсация қилинади. Аммо шу ўринда бир қатор масалар ҳақли тарзда ўртага чиқади. Биринчидан, Назаров томонидан “барибир кесиляпти” деган дарахтларга қилинган мораторий муддатсиз даврга 2021 йил 31 декабрдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан жорий қилинган. Бу фармон билан жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилган. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган. Иккинчидан, агар Назаров ўзи томонидан таклиф қилинган “дарахтлар банки” деган ҳалокатли тизим билан, яъни бу келаси йиллардаги қурилишларда кесиб ташлайдиган дарахтлари учун олдиндан дарахт экиш йўли билан табиатга ва аҳолига етказган зарар тўлиқ компенсация қилинади деб ўйлаган бўлса, адашади.
Чунки Назаров узоқ йиллик, кислород ишлаб чиқаришга бой бўлган тайёр бойликни тагидан чопиб, ўрнига унинг диаметрига мос ниҳоллар экишни таклиф қилди-ю, аммо ўша янги кўчатлар қачон фаол тарзда кислород ишлаб чиқаришни бошлаши, ўртадаги кислородсиз йиллар учун ким компенсация тўлашига тўхталмади. Бу ҳақли савол. Маълумотларга кўра, дарахт кўчатлари ўзининг илк йилидаёқ фотосинтез жараёнини бошлайди, бироқ уларнинг фаол тарзда кислород ишлаб чиқариши учун турига қараб 5, 8, 10 ва ҳатто 20 йил керак бўлади. 20 йилдан кейингина бирор дарахтдан йилига юзлаб инсонларни кислород билан таминлашни кутиш мумкин. Ўзбекистондаги иккита, яъни арча ва чинор дарахтлари мисолида олайлик. Арчага етарли миқдорда кислород ишлаб чиқариши учун 8 йил, чинорга эса тахминан 10 йил керак бўлади. Қолган дарахтлар эса турига қараб фарқланади. Умуман олганда, исталган дарахтнинг ўз салоҳияти доирасида кислород ишлаб чиқиши учун бир неча йиллар керак бўлади. Ҳар бир етук дарахт нафақат тоза ҳаво масаласида, балки ҳароратни бир меёрда ушлаш бобида ҳам жуда керакли жисм эканини гапирмаса ҳам бўлади. Чунки қуёш нури тушиб турган ва дарахт сояси остидаги жойнинг ҳарорати ўртасида сезиларли фарқ борлиги кўпчиликка аён. Бу йилдан йилга қизиб бораётган Ўзбекистон учун жуда муҳим масала. Шундай экан, “дарахтлар банки” деган қандайдир таклиф билан зарар қопланиб қолмайди, кислородсиз ўтган йиллар учун компенсацияни ким тўлайди? Бир неча йиллар олдин шахсан ўзи томонидан умумий капитали 50 миллион долларга яқин деб очиқланган қурувчи ҳам йўқотилган тоза ҳавони компенсация қилишга молиявий жиҳатдан қийналиб қолса ажаб эмас.
Назаровни текшириш таклифи ва Қодировдан яна ўзгача чиқиш
Кутилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Назаровнинг гапига кескин жавоб қайтаришди. Хусусан, Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат Жавлон Абдуллаев анча жўяли фикр ва рақамларни келтириб ўтди. У мораторийнинг аҳамияти жуда катта экани, айрим ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларига қарамасдан, ушбу чора-тадбир туфайли 98 фоиздан ортиқ дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмаганини қайд этди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида дарахтларни кесиш бўйича келиб тушган 3 235 та ариза рад этилгани натижасида 453 238 та дарахт кесилишининг олди олинган. Рад этилган аризаларда кўрсатилган дарахтлар орасида 86 309 таси қимматбахо навларга мансуб бўлган. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, агар ҳар ким дарахтни ўз ҳудудидаги тўсиқ сифатида кўриб, уни кесишни “муқобил экиш” билан алмаштирса, бу – табиатга қарши очиқчасига тажовуз, яъни экологик жиноят саналади”.
Бундан ташқари, Абдуллаев ривожланган мамлакатларда ноқонуний кесилган ҳар бир дарахтнинг ҳатто сантиметри учун молиявий жавобгарлик белгилангани, айрим ҳолларда эса қурувчидан ерни қайтариб олишгача борилиши ҳақида ҳам эслатиб ўтган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов эса мораторий муҳокама мавзуси эмаслигини билдирди ва уни тугатиш кераклигини таклиф қилган одам қачондир дарахт экиб, боғ яратиб қўйганми ўзи деган саволни ўртага ташлади.
“Девелопер дарахт кесишни қонунийлаштириш керак, деяпти. Экологлар эса девелоперлар уйларини шаҳардан ташқарида қурсин, деяпти. Нима ҳақиқат эканлигини белгиловчи – бу жамоатчилик. Бугун одамлар шаҳар марказида қурилишлар эмас, яшил ҳудудларни кўпайтириш тарафдори. Битта чинор бироз соя бериши учун 7-10 йил вақт керак. Таклиф бераётган девелопер шунча йил олдин дарахт экиб, боғ яратдими?” дея савол қўйган депутат.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги эса қолганларга нисбатан анча жиддийроқ муносабат билдирди. Вазирлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан Назаровни текширишни сўради. Унга кўра, бу текширув Назаровнинг олдинги фаолияти бўйича тегишли хулосаларни олишга ёрдам беради. Шу ўринда вазирлик иккита муҳим нуқтага алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, вояга етган дарахтнинг ўрнини ҳеч қандай кўчат боса олмайди. Зарарли корбанат ангидридни ютиш ҳажми, микроиқлимга таъсири, биологик хилма-хиллик, хуллас, ҳеч бир жабҳада етук дарахтнинг ўрнини янги кўчат узоқ йиллар давомида боса олмайди. Вазирликнинг билдирича, Европа атроф-муҳит агентлиги маълумотларига кўра, битта дарахт йилига 21 кг СО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функцияни ўн йил ичида бажара олмайди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги “Дарахтлар банки”га тўхталиб, бу амалиёт сунъий равишда коррупцияни юзага келтириши мумкинлиги, айрим мамлакатларда компенсацион экинлар тизими ноқонуний дарахт кесишни яширишга хизмат қилаётганини такидлади. Ўзбекистонда эса компенсацион экинлар – мавжуд маъмурий ёки жиноий жавобгарликларга қўшимча чорадир, лекин муқобил эмаслиги эслатилди. Яъни дарахтни ноқонуний кесканлик учун жавобгарлик билан бирга уни компенсация қилиш ҳам мажбурият. Шунингдек, вазирлик ўз муносабатининг сўнгида конструктив мулоқотга тайёрлиги, лекин давлат экологик сиёсатининг принципиал асосларини қайта кўриб чиқмаслигини таъкидлади.
Бироқ расмий доиралар ҳам тадбиркорнинг ушбу таклифини бир овоздан танқид қилди ва қарши чиқди деб турган жойда, доим қолганлардан ажралиб туришга ҳаракат қиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров бу борада бошқача фикрда экани яққол кўринди. У “дарахт кесилмасин, дегани, мутлақо кесилмасин эмас, зарур бўлса кесилиши мумкин, дегани бўлиши керак”, деб ҳисобламоқда. Аммо Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида дарахтларнинг айнан қайси ҳолатларда кесилиши мумкинлигига ойдинлик киритмаган.
“Ишхона олдидаги қурт еб битирган дарахтни олдириб ташлаш учун 1 йил қоғоз қилдик, ҳамма бир-бирига солади! Кесишга келганларни кўриб йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмайсан, дарахт кесиш эмас, одамни дорга осишга келишгандек…” деб ёзди депутат ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига.
Аслида бир дарахтни кесиш учун шунча тўсиқнинг борлиги исталган соғлом фикрдаги шахс учун ижобий ҳолат. Аслида бутун бошли фракция раҳбарининг дарахтлар борасида айтган шу фикри йиғлашга арзигулик эмасми? Қодировни тинмай таъкидлайдиган қадриятларга асосланган тараққиёт каби дастурларда тоза ҳаво, кўркам табиат ва яшиллик каби мақсадлар йўқ, чамаси. Унинг бу гаплари ҳали ҳолва. Одамлардаги дарахтни асрашга бўлган иштиёқ ва табиат борасидаги жонкуярлигига диннинг нима алоқаси бор?
“Албатта, дарахт керак, ҳаво етмаяпти, лекин унутмайлик, дарахтни инсон учун асраймиз, инсонни дарахт учун эмас! Бу кетишда келажак авлод динини унутиб, дарахтга эътиқод қилишни бошлаб юбормаса… Дарахтни ҳимоясига бирлашгандек сув, ер, энергоресурслар, озиқ-овқат ва вақт, қолаверса ўзлигимизни исрофига қарши ҳам бирлаша олсак эди!” дейди Алишер Қодиров.
Навоийни заҳарли ҳаво қоплади
Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган қурувчиларидан бири дарахтларни кесишга қўйилган тақиқни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таъбири билан айтганда, ўзига хос “ижодкорона” усуллар билан олиб ташлашни сўраган бир пайтда тасодифан Навоийни заҳарли ҳаво қоплади. Ҳолат 19 июль куни тонгги вақтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудида содир бўлди. Вилоят экология бошқармасининг маълум қилишича, шаҳарнинг тутун билан қопланган ҳудудларида ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш давомида Навоий шаҳрида соат 7:00 дан 9:00 га қадар вилоят Экология бошқармасининг таҳлилий лабораторияси ҳамда “Навоиязот” АЖга қарашли Санитар лабораторияси билан таҳлил ишлари олиб борилган. Натижада ушбу ҳудудларда атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сульфид 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқланган.
Тармоқларда эса кўпчилик ушбу тутун “Навоиязот” АЖ ҳудудидан чиқаётгани ҳақида ёзди, аммо жамият ушбу иддаоларни рад этди. “Навоиязот”га кўра, ушбу тутун ғарбий ҳудуддан, Навоий халқаро аэропорти томондан ҳавога кўтарилган ва шамол йўналиши бўйлаб корхона атрофидан ўтиб, кейин бутун шаҳарга тарқалган. Хуллас, нима бўлган тақдирда ҳам катта қисми чўлдан иборат Навоий бу ҳодиса дарахтсизликнинг оқибати қандай бўлишини Назаровнинг фикрларидан кўп ўтмай исботлади.
Терроризмдан тозаланган водий
Энди ҳақиқий терроризм ҳақида гаплашамиз. Ҳафта охирида Давлат хавфсизлик хизмати Наманган шаҳрида “Ислом давлати Хуросон вилояти” деб номланувчи халқаро террорчи ташкилотнинг яширин “жамоа”сини фош қилди. Маълум қилинишича, гуруҳдаги 16 нафар аъзонинг яшаш манзиллари кўздан кечирилиб, 37 та уяли алоқа воситалари, 51 дона нашриёти кўрсатилмаган диний адабиётлар, 40 та DVD диск, 4 та флеш-карта ҳамда ноутбук ва планшет ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Давлатобод туманида яшовчи фуқаро томонидан ташкил этилган “жамоат” йиғилишларида халқаро террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг “жиҳод” ва “шаҳидлик”ка чорловчи даъватлари фаол тарғиб қилинган. Бундан ташқари, ушбу экстремистик жамоанинг етакчиси Telegram мессенжерида жами 120 нафардан ортиқ аъзоси бўлган виртуал канал ва гуруҳлар ташкил қилиб, уларда “Ислом давлати” террорчи ташкилоти атрибутлари, экстремистик материаллар ҳамда “жиҳодий” мазмундаги аудио-видео файлларни тарқатган ҳамда уларни мазкур жамоа аъзолари билан ўзаро муҳокама қилган.
Шунингдек, мазкур виртуал каналларда ёшларни “шариат ҳукми” билан “жиҳодий” руҳда улғайтириш ва мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий-диний ислоҳотларга қарши норози кайфиятда тарбиялаш орқали “Исломий давлат” асосларини омма орасида тарғиб қилишга қаратилган “пост”лар ва диний даъватлар жойлаштириб келинган.
Шунингдек, ушбу экстремистик гуруҳ етакчиси 2022 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил қилинган “ҳужра”да диний сабоқ олиши оқибатида унинг қарашларида кескин ўзгаришлар содир бўлган. Бундан хабар топган отаси қизининг нотўғри йўлда экани бўйича насиҳат қилганида, у ўз отасини “кофир”га чиқарган. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. ДХХ гуруҳ аъзоларидан бири Наманган шаҳрида жойлашган хусусий университет таъсисчиси эканини маълум қилди. Ҳозирда гуруҳ ташкилотчиси ва унинг 3 нафар фаол аъзосига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Гуруҳнинг қолган аъзоларига нисбатан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аммо бу сўнгги ойлардаги ягона шу каби ҳолат эмас. Бундан аввалроқ водийнинг қолган икки вилоятида ҳам диний экстремистик оқимларнинг яширин жамоалари аниқланганди. Хусусан, Андижон шаҳрида жорий йилнинг май ойида 1981 йилда туғилган шахс атрофига 12 нафар бошқа шахсларни йиғиб, жамоат ташкил этган ҳолда шаҳардаги турли чойхоналарда тўпланиб, келгусида Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотига қўшилишни ният қилгани хабар қилинди. Улар ҳатто ўзаро “Байтулмол” кўринишида пул маблағлари йиғиб, ўз тарафдорларига бериб келган. Жамоа аъзоларининг хонадонларида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракатлари давомида турли диний экстремистик адабиётлар ва бошқа ашёвий далиллар олинган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса “Ҳизб ут-Таҳрир” диний экстремистик ташкилотининг яширин гуруҳи фош этилганди. Энг қизиғи, ўша тадбирда қўлга олинган гуруҳ етакчиси умрининг нақд 20 йилини айнан экстремистик фаолият билан шуғуллангани учун қамоқда ўтказгани маълум бўлганди. У Қўқон шаҳрида яшовчи 1962 йилда туғилган, муқаддам “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилотига аъзо бўлиб, Жиноят кодексининг 159-(Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 2441-(Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ҳамда 2442-моддаларида (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун 2000-2019 йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган шахс экани очиқланган.
Мазкур шахс бу сафар 1965-1971 йиллар оралиғида туғилган 4 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний гуруҳ тузган. Улар 2024-2025 йиллар давомида Қўқон шаҳридаги чойхона ва ошхоналарда ўтказилган ўзаро йиғинларда “Ҳизб ут-Таҳрир” ғояларини Ўзбекистонга олиб кирилишини, ушбу ташкилот томонидан чоп этилган китоб ва журналларда ифодаланган ақидапарастликни, халифалик давлати қуриш ғояларини қўллаб-қувватлаб келган. Шунингдек, Telegram мессенжеридаги ёпиқ каналга аъзо бўлиб, унда “Ҳизб ут-Таҳрир”га тегишли материаллар билан мунтазам танишиб борган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг юқорида санаб ўтилган 159, 2441, 2442-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Яна Лукашенко ва картошка
Беларуслик Александр Лукашенко яна эътибор марказида ва у яна жиддий бир сиёсий аҳамиятга эга иш билан эмас, балки борган сари кулгули тус олган картошка масаласида баёнот бериб чиқди. 18 июль куни йиғим-терим билан боғлиқ йиғилишда Лукашенко айрим касалликлар картошка экинларига зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда эканини айтиб, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирига ўтган йили сабзавот ҳосили билан боғлиқ муаммоларни эслатди ва бу масалага жиддий ёндашишга чақирди. У бу йил “картошка билан ҳазиллашиб бўлмаслиги, ўтган йилда айнан шу масалада халқдан танбеҳ эшитилганини” таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири Юрий Горлов эса ўтган йили ҳаддан ташқари намланиш туфайли масъуллар қаердадир хатога йўл қўйган бўлиши мумкинлиги, аммо бу йил ҳосил ўтган йилгидан яхши бўлиши кутилаётганини айтиб, бир миллион тоннадан ҳам кўп натижага эришишга ваъда берди.
Кўпчиликка маълум, иқтисодий жиҳатдан бир-бирига қайсидир маънода боғланган постсовет мамлакатларининг бирортасида озиқ-овқат билан боғлиқ муаммо юзага келса, бу қолган давлатларга ҳам таъсир қилади. Масалан, ўтган ойлар давомида Қозоғистонда айнан шу картошка билан боғлиқ муаммо юзага келганда, Остонадаги расмийлар бунда Ўзбекистонни айбдор қилганди. Лукашенко эса ўз мамлакатида картошкага жуда кўп урғу бериб юбораётганининг сабаби бу Россияни ҳам унутмаганлигидадир. Чунки Лукашенко доим мамлакатда картошка етиштириш ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлаб, унинг ҳосили нафақат Беларуснинг ўзига, балки Россияга ҳам етиши кераклигини такрорлаб келади.
Ҳа, айтганча жорий ҳафтада беларуслик Лукашенко фақат картошка билангина эътиборни тортмади. У ўз ўғлига стипендия тайинлагани ҳам кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. “Reformation” хабарига кўра, Александр Лукашенконинг қарори билан унинг ўғли Николай Лукашенкога махсус стипендия ажратилган. Лукашенко ушбу фармонга 2025 йил 15 июлда имзо чеккан, унда иқтидорли ўқувчилар ва талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича махсус Президент жамғармаси қарори тасдиқланган. Аммо энг қизиғи, имзоланган ҳужжатда маълум бўлишича, 2024/25 ўқув йилининг иккинчи семестрида Беларусь давлат университетининг 3-босқич талабаси Николай Лукашенкога тахминан 229 Беларусь рубли (885 минг 744 сўм) миқдорида стипендия тайинланган. Биринчи семестрда давлат раҳбарининг январь ойидаги фармонига кўра, кўрсаткич 221,88 Беларусь рублини (858 минг 205 сўм) ташкил қилган. Маълумотларга кўра, Лукашенконинг ўғли университетга ўқишга кирганидан бери мунтазам равишда иқтидорли талабалар учун бериладиган стипендияни олади.
Шу ўринда доимо танқид остига олиб келинадиган, ҳар доим “лой чапланадиган” Лукашенконинг оиласи ҳақида қисқача маълумот жуда ўринли бўлади. Тўғри, бир сўз билан айтганда, Лукашенко диктатор. Буни унинг ўзи ҳам бир неча бор очиқчасига тан олган. Аммо у бошқа фарзандлари, оила аъзолари Европанинг турли сўлим гўшаларида ялло қилиб юрадиган, давлатнинг талон-торож қилинган маблағларини ишлатадиган диктаторлар сирасидан эмаслиги маълум. Оддий мисол мана ўғли, ҳаётлик даврида давлат университетида ўқимоқда, Британия олий таълим даргоҳларида эмас. Унга тайинланган стипендия миқдори ҳам арзимас сумма. Устига-устак, Лукашенко Туркманистондаги каби монархияга ҳам интилаётганга ўхшамайди. Тўғри, Россиянинг пинжига кириб кетиш ва нақд етти маротаба президентлик постини эгаллаши халқаро майдонда Беларусь обрўсини кескин тушириб юборди. Аммо беларусликлар ҳеч бўлмаганда у ўлгандан сўнг бошқа сиёсий курсга гувоҳ бўлиши мумкин. Чунки Лукашенкодан кейин Николай кўп эҳтимол Минскдаги тахтни эгалламайди. 2025 йилнинг январь ойида Александр Лукашенко унинг фарзандлари ҳатто даҳшатли тушларида ҳам ўзларини президент сифатида тасаввур қилмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги бўлажак раҳбарлар унинг икки ўғли эмас, балки “айни дамдаги ҳокимлар, амалдаги вазирлар, парламент палаталари раҳбарлари, юқори лавозимли амалдорлар”дир.
Трамп касал
Трамп касал. Буни Оқ уй ҳам расман эълон қилди. Аммо улар ушбу касаллик жиддий эмаслигини даъво қилмоқда. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттга кўра, Дональд Трампда оёқларидаги енгил шишлар фонида “доимий веноз етишмовчилиги” аниқланган. Унинг айтишича, Трамп сўнгги ҳафталарда оёқларида енгил шишни пайқаган ва тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилган. Текширув натижалари “веноз етишмовчилиги” ташхисини кўрсатган. Бу, Ливитт таъкидлаганидек, хавфсиз ва 70 ёшдан ошганлар орасида кенг тарқалган ҳолатдир. Трамп эса ҳозирда 79 ёшда. Трамп атрофидаги хавотирлар ва унинг қандайдир дардга чалингани ҳақидаги хабарлар эса 16 июль куни унинг Баҳрайн валиаҳд шаҳзодаси Салмон бин Ҳамад ал-Халифа билан учрашуви чоғида оёғида шиш мавжудлиги акс этган сурат тармоқларда тарқалгандан сўнг болалади. Бунгача эса Трампнинг ўнг қўлидаги кўкариш ва шишлар акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда турли миш-мишларга сабаб бўлганди. Ливитт бу ҳолатни “қўл бериб кўп кишилар билан кўришиш” ва “аспирин қабул қилиш” билан изоҳлади. Маълумки, Трамп юрак хуружи ва инсульт хавфини камайтириш учун аспирин қабул қилади.
Мазкур хабарлар фонида эса Президент шифокори Шон Барбабелланинг ҳам мактуби Оқ уй томонидан эълон қилинди. Мактубга кўра, Трамп умумий тиббий кўрикдан ўтказилган: қон таҳлиллари, юрак эхокардиографияси ва бошқа текширувлар нормал чиққан. Унда тромб ёки артерия муаммолари аниқланмаган. Барбабелла Трамп жуда соғлом эканини таъкидлаган. Жонс Хопкинс тиббиёт марказининг маълумотларига кўра эса, CVI – бу оёқ томирлари қонни юракка қайтаришда қийналиши билан тавсифланадиган ҳолат бўлиб, инсонга жиддий тиббий хавф солмайди. Стенфорд университети тиббиёт мактаби эса CVI натижасида оёқларда шиш, ноқулайлик ва жиддий ҳолларда яллиғланишли яралар пайдо бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Аммо Трамп шу ҳолатида ҳам ОАВ билан жанжаллашиш ва уларни судга беришга ўзида куч топа олмоқда. У медиамагнат Руперт Мердокни туҳматда айблаб, судга даъво қилди. Флорида жанубий округи судининг электрон маълумотлар базасида айбланувчи сифатида кўрсатилган Мердок эса News Corporation медиахолдинг компанияси раҳбари ва бу компанияга тегишли “The Wall Street Journal” нашрининг эгаси ҳисобланади. Гап шундаки, олдинроқ “The Wall Street Journal” нашри Эпштейннинг 50 йиллик юбилейи муносабати билан тайёрланган албомни кўриб чиққани ҳақида мақола эълон қилган эди. Унда Трамп Эпштейннинг юбилейига яланғоч аёлнинг қўлда чизилган сурати ва у билан бирга табрик мактуб ҳам юборганини даъво қилган.
Бу ишдаги айбланувчилар орасида ушбу мактуб ҳақидаги мақолани ёзган WSJ газетасининг икки журналисти ҳам бор. Даъвонинг ўзи ҳали суд томонидан ошкор қилинмаган, бироқ Флорида жанубий округи судининг электрон маълумотлар базасида иш туҳмат билан боғлиқлиги кўрсатилган. Ҳа, Трамп ва вояга етмаган қизларни зўрлаш каби жуда жирканч ишда айбланган Жефрри Эпштейннинг эҳтимолий алоқалари ҳақидаги тахминлар умуман тугамаса керак. Бу бир томондан ора-сирада Илон Маскнинг ёдига тушиб қолади, бошқа томондан эса Америкадаги нашрларнинг таҳририятида пайдо бўлади. Аммо аниқ фактлар, Эпштейн мижозларининг тўлиқ рўйхати ва унда яна кимлар борлиги ҳақидаги маълумотлар ҳали ҳануз очиқланганича йўқ.
Live
Барчаси