Валуев ҳам Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилди (видео)

Олам

image

Россия 30 йилдан буён собиқ совет республикаларига нисбатан “юмшоқ сиёсат” қўллаган. Энди уларга қаттиқ чоралар кўриш зарур. Бу ҳақда россиялик спортчи, оғир вазн тоифасидаги собиқ жаҳон чемпиони Николай Валуев айтди.

Валуевнинг таҳдидича, Россия томонидан келажакда яна бир нечта махсус операциялар ўтказилиши муқаррар. У бу борада Россиядагина файласуф деб тан олинувчи Александр Дугиннинг қарашларини тўғри деб ҳисоблашини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги 30 йил давомида Россия собиқ совет республикаларига нисбатан “юмшоқ сиёсат”, яъни рағбатлантириш ва имтиёзлар бериш йўлини тутган, бироқ бу кутилган натижани бермаган. Шу сабабли энди “қаттиқ чоралар” зарур, деб очиқ таҳдидли фикрни илгари сурган.

У ёшларни, хусусан “зумерлар” авлодини жисмоний тайёргарликка чақириб, спорт залларига боришни ва “эркакларга хос спорт турлари” билан шуғулланишни тавсия қилган. Унинг таъкидлашича, улар учун “қаҳрамонлар вақти” келади ва бу узоқ эмас.

“Бизни бир нечта махсус операция кутмоқда. Буюк файласуф Дугин ҳақ. Биз 30 йилдан бери постсовет республикаларига ширинлик бериб келмоқдамиз, аммо бу ёрдам бермади. Бизга таёқ керак”, деган спортчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири ҳамда кремльпараст пропагандист Александр Дугин Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигини қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида гапирганди.

Қолаверса, 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин яна бир пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.

Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.

Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос. Захарова расмий баёнотни ваколатли шахслар бериши бу диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчиларнинг иши эмаслигини қўшимча қилган.

Ўзбекистонда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Соловьёвнинг мазкур гапларига муносабат билдирдиб, унинг гапларини “сафсата” ўзини эса “нусха” деб атаганди.

“Соловьёвнинг гапларига тупурдик, унинг империялистик амбицияларига ҳам тупурдик. Биз унга сўзма-сўз таржимада шундай маънони берадиган ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз: бориб, ўз булбулинг билан ўйна”, деган Бекмуродов.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё Николай Валуев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг