Янги йилда Ғазо Тинчлик Кенгаши таркиби эълон қилинади
Олам
−
11 Декабрь 995 2 дақиқа
Ғазо Тинчлик Кенгашида дунёнинг қайси етакчилари хизмат қилиши келаси йил бошида эълон қилинади. Бу ҳақда кеча, 10 декабрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп маълум қилди.
Трамп Оқ уйдаги Рузвелт хонасида ўтказилган иқтисодий тадбир пайтида журналистларга маълум қилишича, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги нозик отешкесим бунёд этган Ғазо режаси доирасида ташкил этилган мазкур Кенгашга турли мамлакат етакчилари қўшилишни истамоқда.
Трампнинг айтишича, “подшоҳлар, Президентлар, Бош вазирлар – барчаси Тинчлик Кенгашида бўлишни истайди”. Унинг сўзларига кўра, таркиб янги йилда эълон қилинади.
“Бу энг афсонавий кенгашлардан бири бўлади. Ҳамма унда бўлишни хоҳлаяпти”, деди у.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши 17 ноябрда қабул қилган резолюцияда Тинчлик Кенгаши ташкил этилгани ҳамда унга ҳамкор мамлакатлар билан бирга Ғазода вақтинчалик Халқаро Барқарорлаштириш Кучлари тузиш ваколати берилгани қайд этилган.
АҚШ томонидан ишлаб чиқилган мазкур резолюцияда Тинчлик Кенгаши “Ғазонинг тикланиши учун маблағларни мувофиқлаштирадиган ва асосий йўналишларни белгилаб берадиган ўтиш маъмурияти” сифатида таърифланган. Бу Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режасига мос равишда амалга оширилади.
Ҳужжатга кўра, Тинчлик Кенгаши “Фаластин маъмурияти ўз ислоҳот дастурини етарли даражада якунлаб, Ғазони хавфсиз ва самарали бошқара оладиган вақтгача” фаолият юритади.
Live
Барчаси