Япония Россиянинг Украинага босқини сабаб Ўзбекистонга босим ўтказадими?

Олам

image

Япония Россияни босқинчи давлат, деб ҳисобласа ва унга унга санкциялар киритган бўлса-да, бу Япония ва Ўзбекистон муносабатларига таъсир қилмайди. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Иваянинг 26-27 август кунлари Ўзбекистонга амалга ошираётган ташрифи муносабати билан Тошкентда ташкил этилган матбуот анжуманида сўз очилди. 

Анжуманда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири Япония Ташқи сиёсатининг Матбуот котиби Китамура Тошихиродан Ўзбекистоннинг Россия билан кўп йиллик тарихий алоқаларга эгалиги, бундан 34 йил аввалгача Ўзбекистон совет иттифоқи таркибида бўлгани, бугун эски совет давлатлари кўп жиҳатдан Россияга боғланганини инобатга олиб, Тошкентнинг Москвани расман босқинчи, деб эълон қилмаслиги Япония-Ўзбекистон муносабатларига таъсир ўтказган ё ўтказмагани ҳақида сўради. 

“Россия билан Марказий Осиё давлатари ўртасида муносабатлар жуда ҳам нозик масала. Ҳар бир муайян давлат бошқа давлатлар билан алоқа ўрнатишини инобатга олиши керак Гарчи, у Россия билан бўлса ҳам бундай алоқалар бошқа мамлакатларнинг Япония билан муносабатига таъсир қилмайди”, дейди Япония ТИВ вакили.  

Унинг урғулашича, сиёсат иқтисодий ҳамкорликка таъсир ўтказмаслиги керак. Хусусан, 25 август куни Қозоғистонга борган Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая мамлакат раҳбарияти ва мавқедоши билан ўтказган учрашувларда айнан Россиянинг Украинага босқини мавзусига тўхталган.  

“Қозоғистонга ташриф давомида биз Россия-Украина масалаларига ҳам тўхталиб ўтдик ва яна бир бор шуни таъкидладикки, Россиянинг Украинага босқина халқаро ҳуқуқнинг бузилишидан бошқа ҳеч нарса эмас. Япония Россияни босқинчи, деб ҳисоблайди ва бошқа давлатларга бундай танлов қилиш учун босим ўтказмайди. Бу ҳар бир давлатнинг ўз сиёсий қарашларига боғлиқ. Ўзбекистон Ҳукуматининг ҳам ўзига яраша сиёсати борлигига ишонамиз. Лекин бу масалага ҳозирча тегинмоқчи эмасман, буни вазирлар учрашувида кўтаришимиз мумкин. Албатта, биз бу борада ўз нуқтайи назаримизни тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Япония Россияга санкция қўллагани учун Россия билан экспорт ёки импорт қила олмаймиз”, дейди Такеши Ивая.

Тошкентда бўлиб турган меҳмон Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон билан режаларга тўхталаркан, Япониянинг минтақа давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди. Бунинг учун биринчи навбатда иқтисодий ва савдо йўлларини очиш бўйича бир қанча ҳаракатларни амалга ошириш зарур.

“Қозоғистонда Каспий денгизи орқали савдо йўлларини очишни муҳокама қилдик. Каспий йўли  Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига ижобий таъсир ўтказа олади. Бунинг учун биринчи навбатда инфратузилмани яхшилашимиз керак. Шунингдек, биз юмшоқ инфратузилмага ҳам эътибор беришимиз керак, яъни божхона масалаларига. Қолаверса, бошқа тизимларни ҳам кўриб чиқишимиз ва барча товарлар Марказий Осиё орқали Европага ҳеч қандай тўсиқларсиз етиб боришига кафолат бериш учун ишлашимиз лозим”, дейди Ташқи ишлар вазири матбуот котиби. 

Маълумот учун, Россия-Украина ўртасидаги можаро бошланганидан сўнг, Япония биринчилар қаторида Москвага санкция киритди. Улар орасида Россия давлат облигацияларини чиқаришни тақиқлаш, айрим шахслар ва банклар активларини музлатиш ва виза чекловлари бор эди. 2024 йилнинг апрель ойида Япониянинг Иқтисод ва саноат вазирлиги автомобиль двигателлари ёғи, оптик ускуналар ва бошқа маҳсулотларни ўз ичига олган 164 та экспорт чеклови рўйхатини эълон қилди. Чекловга руслардан ташқари, Россия билан алоқаси бўлган ва санкцияни айланиб ўтишда айбланган ташкилотлар ҳам киритилди. 2025 йилнинг бошида эса Япония ҳукумати янги санкциялар пакетини қабул қилиб, 11 киши ва 29 та Россия ташкилоти, шунингдек 3 та банк, активларини музлатди. Қолаверса, 22 та Россия ташкилотига ва 335 турдаги экспорт товарига нисбатан чекловлар жорий этилди. Умуман олганда, Россия ва Япония ўртасидаги муносабатлар тарихдаги энг паст чегарага тушиб қолди. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 август куни Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая рафиқаси билан Ўзбекистонга келди. Вазир ва рафиқаси Самарқандда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Бугун, 27 август куни вазир Тошкентга келди. У ўзбекистонлик мавқедоши Бахтиёр Саидов билан мулоқот қилди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Россия Ўзбекистон-Япония Россия-Украина уруши Россиянинг Украинага босқини Такеши Ивая

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг