Япония Ўзбекистон билан ҳарбий масалалар бўйича алоҳида режани кўриб чиқмоқчи

Олам

image

Япония Ўзбекистон билан мудофаа, хавфсизлик ва ҳарбий масалалар бўйича ҳамкорликнинг мумкин бўлган вариантларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Иваянинг Матбуот котиби Китамура Тошихиро Тошкентда тор доирада ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. 

26-27 август кунлари Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая Ўзбекистонга ташрифни амалга оширди. У Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди, мавқедоши Бахтиёр Саидов билан учрашув ўтказди. Келгусида режаланган тадбирлар, хусусан 5+1 форматидаги Марказий Осиё – Япония саммитини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Айни вақтда Ўзбекистон ва Япония ҳамкорликни стратегик даражага кўтариш устида ишламоқда. Япония Ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бахтиёр Саидов билан 16 банддан иборат қўшма баёнот қабул қилинди ва унда олий даражадаги мулоқот Ташқи ишлар вазирлари даражасида стратегик даражага кўтарилгани эътироф этилди. Хўш, бу келгусида ҳарбий йўналишдаги ҳамкорликни ҳам англатадими? Япония мудофаа ва хавфсизлик масаласида Ўзбекистон билан қандай мақсадларни кўзлаяпти? QALAMPIR.UZ мухбири ушбу савол билан Япония Ташқи ишлар вазирлиги вакили Китамура Тошихирога юзланди. 

“Иккинчи жаҳон урушидан бери биз ташқи сиёсатимизни тинчлик принципига асослаб амалга оширяпмиз. Лекин ҳозирги Шарқий Осиёдаги таранглик (Шимолий Корея ракета дастури, Хитойнинг минтақада гегемонликка инитилиши) бу сиёсатимизни қайта кўриб чиқишимиз кераклигини кўрсатяпти. Бу борада биз Европа, АҚШ ва Осиёдаги ҳамкорларимиз билан якдилмиз. Ҳозирда биз Буюк Британия ва Норвегия билан денгизда ҳарбий машғулотлар ўтказяпмиз ва ҳозирча Ўзбекистон билан бу борада ҳамкорлик мамлакатнинг денгиздан узоқ бўлганлиги туфайли имконсиз, лекиз биз бошқа вариантларни кўриб чиқяпмиз. Авваламбор, бу борада биз музокара олиб боришимиз зарур. 

Бундан ташқари, биз Италия ва Британия билан реактив самолётларни ишлаб чиқариш буйича музокара ўтказяпмиз. Лекин ҳар бир ҳарбий ҳамкорлик мунтазам равишда кўриб чиқилиши керак, деб уйлаймиз. Ўзбекистон билан ҳам бу борада ҳамкорликни кўриб чиқиш талаб этилади, бунинг учун, энг аввало аниқ мақсадларингизни билишимиз керак. Марказий Осиё ва Япония ҳарбий ҳамкорлиги ўзаро манфаатларга мос келадими ёки йўқ, буни аниқлаш керак”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат вазирлари томонидан қабул қилинган Қўшма баёнотда томонлар терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси, уюшган жиноятчилик ҳамда минтақавий ва халқаро хавфсизликка қилиниши мумкин бўлган бошқа таҳдидларга қарши биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлигини эътироф этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг