Японияда 100 ёшга кирганлар сони қарийб 100 минг кишига етди

Олам

image

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, Японияда 100 ёшга кирганлар сони 99 763 кишига етиб, янги рекорд ўрнатди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, NHK телеканали хабар берди.

“Резидентларнинг асосий реестрига кўра, Японияда яшовчи юз ва ундан катта ёшдагилар сони ўтган йилга нисбатан 4644 кишига кўпайиб, 99 763 кишини ташкил этди”, дейилади хабарда.

Бу кўрсаткич 1970 йилдан буён кетма-кет 55 йил давомида қайд этилаётган энг юқори натижа ҳисобланади. Узоқ умр кўрувчилар орасида аёллар энг кўп – уларнинг сони 87 784 нафар, яъни умумий миқдорнинг 88 фоизини ташкил этади. Эълон қилинган маълумотларга кўра, Япониянинг энг кекса инсони 114 ёшли Шигеко Кагава бўлиб, у Нара префектурасининг Яматокорияма шаҳрида яшайди.

Энг кекса эркак эса 111 ёшли Мизуно Киёси. У Сидзуока префектурасининг Ивата шаҳрида истиқомат қилади. Аҳолига нисбатан юз ёш ва ундан катта ёшдагилар энг кўп учрайдиган ҳудудлар сифатида Симане, Кочи ва Тоттори префектуралари қайд этилган.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда Японияда аёлларнинг умр давомийлиги бўйича 40-марта жаҳон рекордини янгиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, япон аёлларининг ўртача умр давомийлиги 87,13 йилни ташкил этади. Эркакларда бу кўрсаткич 81,09 йилни ташкил этмоқда ва 2023 йилдан бери ўзгармаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон тарихида илк бор 130 ёшли шахснинг туғилганлик факти белгилангани ҳақида хабар берилган эди. Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Адлия бўлими томонидан киритилган даъво ариза қаноатлантирилиб, фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг Бувайда тумани “Қорақум” МФЙда ўтказган сайёр суд мажлисида Умарова (Тошматова) Ҳувайдонинг 1895 йил 1 январда Бувайда туманида туғилганлик факти белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония 100 ёш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг