ЕИ болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Олам

image

Европа Иттифоқи ҳудудида вояга етмаганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи ягона қонун лойиҳаси шу йилнинг ёзида тақдим этилиши мумкин. Бу ҳақда Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Копенгагенда бўлиб ўтган сунъий интеллект ва болалар масалаларига бағишланган саммитдаги нутқида маълум қилди.

Бу қарор иттифоққа аъзо давлатларнинг болаларни онлайн платформаларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишни кучайтириш фонида қабул қилинмоқда. Саммитда сўзга чиққан фон дер Ляйен технологияларнинг болалик ва ўсмирлик даврига шиддат билан кириб бораётганига эътибор қаратган.

Айни пайтда Европа Комиссияси ҳузурида мустақил экспертлар гуруҳи тузилган бўлиб, улар ижтимоий тармоқларнинг вояга етмаганлар саломатлигига таъсирини ўрганмоқда. Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, агар экспертлар хулосаси тасдиқланса, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёшини кечиктириш бўйича ҳуқуқий таклиф шу ёздаёқ эълон қилинади. Бу қадам орқали Евроиттифоққа аъзо мамлакатларда турлича қонунлар пайдо бўлишининг олдини олиб, бутун блок учун ягона ёндашувни таъминлаши мақсад қилинади.

Режалаштирилаётган чекловлар Францияда сентябрь ойидан кучга кириши кутилаётган қонунга мос келади. Мазкур қонунга кўра, Instagram ва TikTok каби платформалар 15 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларни блоклаши ва мавжуд аккаунтларни тўхтатиб қўйиши шарт бўлади.

Бироқ фойдаланувчиларнинг ёшини техник жиҳатдан текшириш масаласи лойиҳани амалга оширишдаги энг катта муаммо экани айтилмоқда. ЕИ бу борада пандемия давридаги COVID-19 сертификатлари тизимига ўхшаш махсус иловани жорий этишни кўриб чиқмоқда. Бироқ киберхавфсизлик бўйича мутахассислар тизимдаги шахсий маълумотлар дахлсизлиги борасида хавотирлар билдирган.

“Барчамиз биламизки, барқарор ўзгаришлар бир кечада содир бўлмайди, аммо агар биз сусткашлик қилсак ва иккилансак, бунинг бадалини яна бир авлод болалари ўз соғлиғи билан тўлашига тўғри келади”, дея таъкидлаган Европа Комиссияси раҳбари.

Маълумот учун, ҳозирда Австралия ва Индонезия каби давлатлар аллақачон болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга чекловлар ўрнатган бўлса, Европада ҳам Instagram ва Snapchat каби гигантлар устидан текширувлар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг бир қанча мамлакатлари, жумладан, Испания, Дания, Италия, Финляндия ҳукуматлари ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёш чекловини 15-16 ёш қилиш учун турли ҳаракатларни амалга оширишаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

болалар Урсула фон дер Ляйен ижтимоий тармоқлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг