ЕИ Эронга қарши янги санкцияларни жорий қилди

Олам

image

Бугун, 29 январь куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Эронга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллади. Қарорга кўра, қарийб 30 нафар эронлик шахс санкциялар рўйхатига киритилган. Улар орасида Ички ишлар вазири ва Бош прокурор ҳам бор. Бу ҳақда ЕИнинг расмий сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, Эрон Ички ишлар вазири Искандар Момени ва мамлакат Бош прокурори Муҳаммад Моваҳеди Озод, шунингдек, судья Имон Афшарига санкциялар киритилган. 

“Уларнинг барчаси тинч норозилик намойишларини зўравонлик билан бостиришда ва сиёсий фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ўзбошимчалик билан ҳибсга олишда иштирок этган”, дейилади Кенгаш баёнотида.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари маълумотларига кўра, оммавий норозилик намойишлари давомида минглаб одамлар ҳалок бўлган. ЕИ Ташқи ишлар вазирлари бу рақамни 30 минг нафар атрофида деб баҳолаган.

Шунингдек, йиғилишда ўн минглаб эронликлар ҳибсга олингани, зўравонликлар кўламини яшириш мақсадида Теҳрон интернет ва телефон алоқасини вақтинча ўчириб қўйгани ҳам алоҳида таъкидланган.

Янги санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг ЕИ ҳудудидаги активларини музлатишни, шунингдек, ушбу шахсларнинг ЕИ мамлакатларига киришини чеклашни назарда тутади. Бундан ташқари, Эронга экспорт қилиниши тақиқланган товарлар рўйхати ҳам кенгайтирилган. 

ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас санкциялар бўйича келишувга эришилганини тасдиқлаган. Шу билан бирга, у Эрон Ташқи ишлар вазири билан дипломатик алоқалар очиқ қолишини билдирган.

Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль мазкур қарорни “шошилинч зарур чора” деб атаб, Эрон раҳбариятини “жиноий режим” сифатида таърифлаган. Унинг сўзларига кўра, одамларнинг калтакланиши, қийноққа солиниши, қамоққа олиниши, отиб ташланиши ва осиб қўйилиши ЕИ қадриятлар ҳамжамияти сифатида қатъий жавоб беришга мажбур қилмоқда.

Бунгача АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Сенатдаги эшитувлар чоғида Эрон раҳбарияти аввалгидан ҳам заифлашганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат жиддий иқтисодий инқирозга дуч келган ва ҳукумат аҳолининг асосий муаммоси — қашшоқликни ҳал эта олмаяпти. Рубио Эронда янги норозилик намойишлари юзага келишини ҳам башорат қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Эронга қарши санкциялар кучайтирилиши кўриб чиқилаётганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон санкция Брюссел Европа Иттифоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг