ЕОИИ мамлакатларида мигрантлар сони 1 миллиондан ошди
Олам
−
30 Октябрь 2979 2 дақиқа
Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида меҳнат мигрантларининг умумий сони 2024 йил якунларига кўра 1,1 миллион кишини ташкил этган. Бу ҳақда Евросиё иқтисодий комиссияси хабар берди.
Қайд этилишича, бандларнинг энг катта қисми қурилиш соҳасига тўғри келади (21 фоиз), ундан кейин савдо (14 фоиз), транспорт ва сақлаш (7,8 фоиз) ҳамда қайта ишлаш саноати (6,9 фоиз) тармоқлари келади.
Жорий йилнинг 2025 йил апрель ойи охирига келиб, иттифоққа аъзо давлатлардаги умумий ишсизлик даражаси 0,7 фоизни (693 минг 700 киши) ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,5 фоизга камайган.
Маълумот учун, ЕОИИ ҳозирда ушбу иттифоқнинг асос солувчи шартномаларига қўшилган 5 та аъзодан иборат бўлиб, улар ЕОИИ аъзолигидан келиб чиқадиган имтиёзлар ва мажбуриятларга бўйсунади. ЕОИИ таркибидаги давлатлар мажбурий қонунлар доирасида фаолият юритади ҳамда иттифоқнинг ижро ва суд органларида тенг вакилликка эга. Бироқ улар муайян даражада мустақилликни сақлаб қолади ва ЕОИИ янги сиёсат ёки янги аъзоларни қабул қилиши учун барча аъзоларнинг якдил розилиги талаб этилади. Консенсус ЕОИИ фаолиятининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусь ташкилотнинг тўлиқ аъзолари ҳисобланади. Ўзбекистон эса кузатувчи мақомга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилда Россияга визалар билан борувчи малакали хорижий ишчиларни жалб қилиш учун квотани деярли 19 фоизга, яъни 278,9 минг нафарга оширишни таклиф қилган эди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси