Ер юзида қанча одам интернетга кира олади?

Бу қизиқ

image

Охирги бир йил давомида яна 240 миллиондан ортиқ киши интернетга уланди ва эндиликда Ер юзидаги тахминан 6 миллиард одам, яъни сайёра аҳолисининг тўртдан уч қисмига яқини онлайн режимда. Бу ҳақда Халқаро электралоқа иттифоқи (ХЭИ) ҳисоботига таяниб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2,2 миллиард одам ҳанузгача рақамли макондан ташқарида қолмоқда. Бу эса умумий ва тенг рақамли имкониятларни таъминлаш вазифасининг қанчалик улканлигини кўрсатади.

Ҳисоботда рақамли ривожланиш иқтисодий даража, гендер фарқлари ва яшаш жойи билан қанчалик чамбарчас боғлиқлиги кўрсатилган. Юқори даромадли мамлакатларда аҳолининг 94 фоизи интернетдан фойдаланади, паст даромадли давлатларда эса бу кўрсаткич атиги 23 фоизни ташкил этади. Онлайн бўлмаган аҳолининг аксарияти қашшоқ ва ривожланаётган ҳудудларда яшайди.

Эркаклар аёлларга қараганда тез-тез интернетга уланади (77 фоизга 71 фоиз), шаҳар аҳолиси эса қишлоқ аҳолисидан анча фаолроқ (85 фоизга 58 фоиз). 15-24 ёшдаги ёшлар энг фаол гуруҳ бўлиб, уларнинг 82 фоизи онлайн, бошқа ёш тоифаларида эса бу кўрсаткич 72 фоизни ташкил этади.

Ҳисоботда илк бор 5G тармоқларига бўлган обуналар сонига оид баҳолар келтирилган. Улар тахминан 3 миллиард бўлиб, бу барча мобил уланишларнинг учдан бирига тенг. Бешинчи авлод тармоқлари дунё аҳолисининг 55 фоизини қамраб олади, аммо улар жуда нотекис тақсимланган: юқори даромадли мамлакатларда аҳолининг 84 фоизи 5G’дан фойдалана олади, паст даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич атиги 4 фоиз. Бой давлатлар аҳолиси кам таъминланган ҳудудларга нисбатан деярли саккиз баравар кўпроқ мобил трафик яратади, бу эса сифатдаги катта тафовутни яққол кўрсатади.

Аҳамиятли масалалардан яна бири – нарх. Гарчи мобил интернетнинг ўртача нархи умумий тарзда пасайган бўлса-да, паст ва ўрта даромадли мамлакатларнинг 60 фоизида у ҳали ҳануз аҳолининг катта қисми учун қиммат бўлиб қолмоқда. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг аксарияти фақат асосий рақамли кўникмаларга эга. Хавфсиз онлайн муҳитни таъминлаш ёки контент яратиш каби мураккаброқ кўникмалар эса секин шаклланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчи аҳоли улуши 94,2 фоизни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

интернет Халқаро электралоқа иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг