Ёш қизларга шаҳвоний шилқимлик қилган эркакка жиноят иши қўзғатилди (видео)
3-саҳифа
−
20 Сентябрь 12447 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида вояга етмаган 2 нафар қизга жинсий аъзосини кўрсатган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсмани шахсий қабулига Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.О. мурожаат билан келган. Ўз мурожаатида аёл вояга етмаган фарзанди О.Й. (2012 йилда туғилган қиз) ва унинг тенгдош дугонаси Л.А. ларга нисбатан жорий йилнинг 13 май куни Учтепа тумани ҳудудида жойлашган болалар майдончасида нотаниш эркак В.Ж. (1977 йилда туғилган) шаҳвоний шилқимлик хатти-ҳаракатлари, яъни жинсий аъзосини кўрсатиш орқали вояга етмаганларга уятсиз, бузуқ ҳаракатлар қилгани, лекин тергов органи ҳолатга бола манфаати нуқтаи назаридан ёндашмаганини баён қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани томонидан тергов ва суднинг тегишли ҳужжатлари ўрганилганда, терговга қадар текширув вақтида иш ҳолатлари тўла ва холис ўрганилмасдан, вазиятга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилмаган тарзда иш бир томонлама кўрилиб, якунлангани ҳақида хулосага келинган.
Шу сабабли, Болалар омбудсмани болага оид мазкур ишни ҳар томонлама, тўла, синчковлик билан ва холисона текшириб чиқилиши зарурати юзасидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатига илтимоснома киритиб, 16 ёшдан кичик бўлган вояга етмаганларга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик ҳаракатларида жиноят аломатлари борлиги туфайли мазкур суд қарорини бекор қилган ҳолда жиноят иши қўзғатиш учун тегишли туман прокуратурасига юборилишини сўраган.
Натижада, жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида иш кўриб чиқилган. Болалар омбудсмани позицияси ва жабрланувчи тарафнинг важлари ўрганилиб, ишни қўшимча терговга қадар текширувга қайтариш ва прокуратура томонидан фуқаро В.Ж. га нисбатан жиноят ишини қўзғатиш масаласини ҳал этиш тўғрисида суд қарори чиқарилган.
Шунингдек, терговда вояга етмаганларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Болалар омбудсмани бу тоифадаги ишлар бўйича тажрибали адвокатнинг ишга киришишида жабрланувчи тарафга кўмаклашган.
Билдирилишича, Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан боланинг энг устун манфаатларини таъминланиши нуқтаи назаридан ўз кузатувини давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида жамоат транспортида қизларга уятсиз ҳаракатлар содир этиб, орқасини ушлаган эркак 5 суткага қамалган эди.
Live
Барчаси