Зарафшондаги аэропорт қайта ишга тушиши мумкин
Жамият
−
01 Ноябрь 2024 4341 2 дақиқа
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 80-йилларда қурилган аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласи ўрганилади. Бу ҳақда бугун, 1 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтказилган йиғилишда сўз очди.
Қайд этилишича, Зарафшон шаҳридаги 80-йилларда қурилган аэропорт ҳозирда ишламаяпти. Масъулларга ушбу аэропорт фаолиятини қайта тиклаш масаласини ўрганиб, тегишли таклифлар киритиш топширилди.
Шунингдек, йиғилишда Зарафшон шаҳри аҳолиси 2-3 йилда 100 мингдан ошиши таъкидланди. Шу боис, Зарафшон ҳудудини Томди тумани ҳисобидан 2 минг гектарга кенгайтириб, 150 минг аҳоли учун шароит яратиш зарурлиги қайд этилди.
Билдирилишича, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида жами 200 минг аҳоли яшайди. Улар Тошкент шаҳрига келиш учун аввал автомобилда 250-300 километр йўл юриб, Навоий шаҳрига боради. Кейин эса, бу ердан поезд ёки самолётга ўтириб, пойтахтга боришга мажбур бўлаяпти.
Масъуллар олдига ижтимоий инфратузилма ва коммуникация тармоқларини қиш мавсумига сифатли тайёрлаш, камчиликларни бартараф этиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, мутасаддиларга аёлларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, ёшлар билан ишлашни яхшилаш юзасидан топшириқлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропорти қурилишига оид тақдимот билан танишган эди. Унда давлат раҳбари янги аэропортда ўтказувчанлик қобилиятини 2 баробар ошириб, соатига 8 та самолёт келиш-кетишига имконият яратиш зарурлигини таъкидлаган. Терминалнинг қулайликлари, ички ва ташқи қиёфаси бўйича тавсиялар берилган.
Live
Барчаси