Жанговар гранаталарни сотиб юборган чегарачилар ушланди
Олам
−
02 Июль 20824 2 дақиқа
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) қурол-яроғ ва ўқ-дорилар савдоси билан шуғулланган уюшган жиноия гуруҳи қўлга олинганини маълум қилди. Бу ҳақда МХДҚ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жами тўққиз киши қўлга олинган, улардан иккитаси чегара хизматининг амалдаги ва собиқ ходимлари.

Маълум қилинишича, чегара хизмати ходимлари Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув пайтида РГД-5 гранаталарини ўғирлаб, жиноий гуруҳ аъзоларига сотган. Жиноятчилар ҳам уларни кейинроқ сотишни режалаштирган.
“Жиноий гуруҳи аъзолари чегара хизмати ходимлари билан тил бириктириб, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги қуролли тўқнашув чоғида РГД-5 гранаталаридан фойдаланилгандек кўрсатиб, ўзларига ишониб топширилган мол-мулкни ўғирлаб, уни жиноий гуруҳга сотган. Ҳибсга олинган ҳар бир шахс ўзига тегишли жиноятдаги ролини аниқ бажарган: бири харидорларни излаган бўлса, бошқаси қурол-яроғни ташиш учун автотранспорт воситаларини ва ҳарбий либосларни тайёрлаган, бу эса уларни яшириш ва хавфсиз ҳаракатланиш учун хизмат қилган”, дейилади хабарда.

МХДҚ маълумотига кўра, ноқонуний айланмадан тўртта РГД-5 гранатаси, бир дона арраланган ўқотар қурол, шунингдек, 7,62 миллиметрли ва 5,45 миллиметрли калибрдаги ўқ-дорилар мусодара қилинган. Ушбу жиноятга алоқадор барча шахсларни аниқлаш бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги жиддий тўқнашув 2022 йилнинг сентябрь ойида бўлган эди. Чегарадаги отишмаларда Қирғизистон томонидан 18 ҳарбий жароҳатлангани ва 15 ёшли қиз вафот этгани маълум. Тожикистон томонидан бир нафар чегарачи ҳалок бўлган, уч нафари яраланган.
Live
Барчаси