Жанговар кемалардан тортиб, юк ташувчиларгача: сув тубида сақланиб қолган кема қолдиқлари
Бу қизиқ
−
03 Август 14399 7 дақиқа
Ер юзасининг 71 фоизини сув, 29 фоизини эса қуруқлик ташкил этади. Биргина шу фактнинг ўзи океан ва денгиз-у дарёлар тубида қанчалик катта тарих ва сирлар ётганини исботлайди.
Сув остида бир олам борки, ўз тадқиқотчисини кутмоқда, бу – чўкиб кетган кемалар олами! Биз билган “Титаник” бу оламнинг бир бўлаги, холос. Тадқиқотчиларга кўра, денгиз тубида 3 миллиондан ортиқ кема қолдиқлари мавжуд. Мақолада шундай кемаларнинг бир қанчаси билан танишамиз.
“Титаник” – сув тубига ғарқ бўлган “чўкмас афсона”

1912 йил апрель ойида “чўкмас” деб эълон қилинган ҳашаматли сузувчи сарой – “Титаник” сафарга отланди. Аммо илк саёҳатининг тўртинчи кунида афсона фожиа билан якун топди. Кема айсберг билан тўқнашиб, муздек Атлантикага чўкди ва 1 минг 500 дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмди. Бу – фожиали якун, бироқ ҳикоя шу билан тугамади. “Титаник”нинг “руҳи” ҳали ҳам сув остида яшаб келмоқда.

1985 йилда 3 810 м чуқурликда топилган кема қолдиқлари ҳозирда йўқ бўлиб кетиш арафасида. Олимлар бир қанча бактериялар туфайли у 2030 йилгача тўлиқ занглаб кетиши мумкинлигини айтмоқда.
Ҳа, бу кема ҳақидаги машҳур фильмни кўрганмиз. Аммо ҳақиқий ҳикоя денгиз тубида ҳамон давом этмоқда. “Титаник” чўкиб кетган нуқтани ҳавола орқали кўришингиз мумкин.
“Аризона” (USS Arizona) – японлар бомбардимони қурбони

Тинч океани сувлари тубида Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳужумга учраган “Аризона” кемасининг қолдиғи ётибди, ҳозирда чўккан жанговар кема муқаддас қабрга айланган. 1941 йил 7 декабрь тонгида япон бомбардимони кема қопламасини ёриб ўтиб, улкан портлашга сабаб бўлади. Оқибатда 1 177 аскар ҳалок бўлади, уларнинг кўпчилигининг қолдиқлари ҳали ҳам кема ичида.

Бугунга келиб, “USS Arizona Memorial” ҳар йили 2 миллиондан ортиқ сайёҳни қабул қилади. Иккинчи жаҳон урушига оид ушбу кема қолдиғи қаерда эканига қизиқсангиз, ҳавола устига босинг.
“Тистлегорм” (SS Thistlegorm) – Иккинчи жаҳон уруши сувости музейи

“Тистлегорм” 1940 йилда ишга туширилган Британия юк кемаси бўлиб, 1941 йилда Қизил денгизда немис бомбардимони оқибатида чўкиб кетган. У Британия қўшинлари учун ҳарбий юклар (танк, мотоцикл ва милтиқ каби)ларни олиб кетаётган эди.

1950 йилларда машҳур саргузаштчи Жак-Ив Кусто томонидан топилган бу кема ҳозир сувости музейига айланган. Ғаввослар у ерда сақланиб қолган этиклар, поезд вагонлари ва бошқа нарсаларни кўриши мумкин. Сайёҳлар сони ошгани сари, келажак авлод учун бу уруш ёдгорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳимоя ишлари олиб борилмоқда.
“Ваза” (Vasa) – шведлар омадсизлиги

1628 йилда чўккан швед ҳарбий кемаси “Ваза” илк сафарига чиққанидан атиги 1 300 метр ўтиб ағдарилиб кетган. Ҳаддан ортиқ кўп бронза тўплар юкланиши оқибатида мувозанатни йўқотган кема Стокгольм портида сувга чўккан.

Аммо кутилмаган ҳолат шуки, 1961 йили кема қолдиқлари топилганида “Ваза” Болтиқ денгизининг шўр-аралаш сувлари туфайли худди кеча чўккандек яхши сақлангани аниқланган. Бугунги кунда бу қадимий кема музейда сақланади ва миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этади. Кўпчилик билмайдики, намойиш этилган кеманинг 95% қисми асл ҳолатда сақланиб қолган.
“Индианаполис” (USS Indianapolis) – акулалар тўла даҳшат

1945 йил 30 июль куни АҚШнинг “Индианаполис” кемаси Япония сувости кемаси томонидан урилиб, атиги 12 дақиқада чўккан. Кема чўкканидан сўнг, 1 200 кишидан тахминан 900 нафари омон қолган, аммо улар тўрт кун давомида акулалар, сувсизлик ва очлик билан курашган ва якунда 316 киши тирик қолган.

Ушбу кема экипажига ачинишни ҳам билмайсан, киши. Чунки улар Японияда портлатилган ядровий қуроллар учун хизмат қилган эди.
Кема қолдиғи 2017 йилда Пол Аллен бошчилигидаги жамоа томонидан Тинч океанининг 5 минг 500 метр чуқурлигидан топилган.
“Британник” (HMHS Britannic) – “Титаник”дан ҳам катта кема

“Титаник”дек машҳур эмас, аммо ундан ҳам каттароқ “Британник” сув тубидаги энг даҳшатли кема қолдиқларидан бири саналади. Биринчи Жаҳон уруши даврида сузувчи шифохонага айлантирилган бу кема 1916 йилда Грециянинг Кеа ороли яқинида немис миналарига урилиб, бир соат ичида чўкиб кетган.

30 киши ҳалок бўлган, бироқ “Титаник”дан кейинги яхшиланган қутқарув тизими туфайли мингдан ортиқ одам омон қолган.

Бугунги кунда Эгей денгизининг 400 фут чуқурлигида ётган “Британник” энг яхши ҳолатда сақланиб қолган кемалардан бири саналади. Унинг ҳам қолдиғини 1975 йилда Жак-Ив Кусто топган. Қизиқарли факт: Вайолет Жессоп исмли киши “Титаник” ҳалокатидан ҳам, “Британник” ҳалокатидан ҳам омон қолган. Кусто ҳайратда!
“Вильгельм Густлофф” (MV Wilhelm Gustloff) – унутилган фожиа

Илгари нацистларнинг дам олиш кемаси бўлган “Вильгельм Густлофф” 1945 йил 30 январда тарихдаги энг йирик денгиз ҳалокатига учради. Совет қўшинларидан қочаётган тинч аҳоли ва ярадор аскарлардан иборат 10 мингдан ортиқ йўловчи бўлган кема Совет Иттифоқининг С-13 сувости кемаси томонидан чўктирилган. Оқибатда тахминан 9343 одам ҳалок бўлган, бу “Титаник” ва “Лузитания” ҳалокатларининг умумий қурбонларидан ҳам кўп.
Бугун Польша соҳиллари яқинида 50 метр чуқурликда ётган бу кема “уруш қабристони” деб тан олинган ва ғаввослар учун ёпиқ. Гарчи у тарихдаги энг катта денгиз фожиасидан бири бўлса-да, бу ҳодиса уруш даври сиёсати ва бошқа воқеалар фонида унутилган.
“Чуук” лагунаси сувидаги “Арвоҳлар флоти”

Тинч океани сувлари остида жойлашган “Чуук” лагуна (саёз сув ҳавза)си “Арвоҳлар флоти” деб ном олган, чунки бу ерда Иккинчи жаҳон уруши даврида 1944 йил февраль ойида бўлиб ўтган АҚШнинг “Operation Hailstone” ҳужуми оқибатида чўккан 60 дан ортиқ япон ҳарбий кемалари ётибди. Бу вайронкор ҳужум Япониянинг кучли денгиз базасини дунёдаги энг йирик сувости кема тўпламларидан бирига айлантирди.

Бугун ғаввослар бу жойларда сақланиб қолган газ ниқоблари, танклар ва ҳаттоки жанговар самолётлар каби артефактларни учратади. Иккинчи жаҳон урушида йўқотилган бу кемалар ҳозирги кунда ҳақиқий сувости музейини ташкил этади.

“Ричард Монтгомери” (SS Richard Montgomery) – портлаши мумкин бўлган вақт бомбаси
Иккинчи жаҳон уруши давридан яна бир ёдгорлик “SS Richard Montgomery” кемаси Англиянинг Ширнесса шаҳри яқинидаги Темза қўлтиғида хавфли ҳолатда ётибди. Кема 1944 йилнинг августида 1 400 тонна ўқ-дориларни Францияга олиб кетаётганда чўкиб кетган. Қутқарув ишлари олиб борилганига қарамай, ундаги портловчи юклар ҳозиргача сув остида сақланиб қолган.

Ҳайратланарлиси шундаки, кема устунлари ҳанузгача сув юзасидан кўриниб туради. Мутахассислар огоҳлантиришича, агар ўқ-дорилар портласа, катта тўлқин яқин атрофдаги аҳоли пунктларига жиддий хавф туғдириши мумкин.
“Эребус” ва “Террор” (HMS Erebus and HMS Terror) – музликлар орасида йўқолганлар

1845 йилда Сэр Жон Франклин 129 киши билан бирга “Эребус” ва “Террор” кемаларида Шимолий-Ғарбий йўлни топиш учун Арктикага йўл олади. Аммо икки кема ҳам ғойиб бўлади ва бу экспедициянинг тақдири 170 йилдан ортиқ вақт давомида сир бўлиб қолади. Ниҳоят 2014 ва 2016 йилларда кемалар Кинг-Вильям ороли яқинида топилди.
Ҳайратланарлиси шундаки, улар муз остида аъло даражада яхши сақланиб қолган эди. Тадқиқот ишлари давомида кесилган суяклар топилиб, каннибализм ҳақидаги гумонлар тасдиқланди. ДНК таҳлили орқали капитан Жеймс Фицджеймс ҳам қурбонлардан бири бўлгани аниқланди.

Тасаввур қиляпсизми? Очликдан азоб чеккан экипаж кема капитанини ҳам тановул қилган. Балки, бу ўлимидан кейин содир бўлгандир. Шунингдек, экипажнинг ҳалокатига консервалардан заҳарланиш ҳам сабаб бўлгани аниқланди. Бугунги кунда бу кема қолдиқлари миллий тарихий обида сифатида муҳофаза этилади.
Тўғрисини айтганда, сув тубида қанча сир ва фожиа ётганини тасаввур қилиш ҳам қийин. Унутилган юк кемаларидан тортиб, урушда чўккан ҳарбий гигантларгача. Ҳар бир кеманинг ўз ҳикояси бор. Улар сув остидаги ҳақиқий сирли романлардир.
Кейинги сафар денгиз бўйида турганингизда, тўлқинлар остида нималар ётганини бир ўйлаб кўринг...
Live
Барчаси