Жапаров аҳоли пунктларига одамлар номини беришни тақиқлади
Олам
−
14 Апрель 3153 1 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эндиликда қишлоқ ва овул округларига шахслар номини бермаслик тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 13 апрель куни Ўш вилоятининг Олой тумани аҳолиси билан учрашувда сўз очди.
Қирғизистон раҳбари бу мавзуга маҳаллий аҳоли вакилининг қишлоқлардан бирига Олимбек додхо номини бериш таклифига жавоб бериш асносида тўхталиб ўтган. Садир Жапаров аҳоли пунктларига инсонлар исмини беришни тўхтатиш бўйича қатъий қарорга келинганини таъкидлаган.
“Сизлар гуруҳларга бўлиниб, нима учун бошқанинг эмас, айнан фалончининг исми берилиши керак, ахир менинг ҳам аждодларим муносиб-ку, деб баҳслаша бошлайсиз. Биз буни бир неча бор бошимиздан ўтказганмиз. Шунинг учун хафа бўлманг, Олимбек додхонинг номи аллақачон тарихга муҳрланган ва йўқ бўлиб кетмайди. Қишлоққа унинг номи берилиши билан у тезроқ ривожланиб қолмайди”, дейди у.
Маълумот учун, аҳоли пунктларига антропонимлар (инсон исмлари) бериш амалиёти Қирғизистонда кенг тарқалган бўлиб, чуқур илдизларга эга. Совет даврида бу давлат мафкурасининг бир қисми бўлган. Мустақилликка эришилгач эса тарихий шахслар номларини қайтариш ва маҳаллий арбоблар хотирасини абадийлаштириш тўлқини бошланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров мамлакатда кадрлар сиёсатида муаммолар сақланиб қолаётганини айтиб, деярли 30 йил давомида тизими ривожланмаганини билдирган эди.
Live
Барчаси