13 соатли синов. Кўзи ожиз талабалар Кореяда имтиҳон топширяпти (фото)

Бу қизиқ

image

Жанубий Кореяда коллежга кириш имтиҳонлари 8 соат давом этади, кўзи ожизлар имтиҳони эса 12-13 соатга чўзилади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд этилишича, ҳар йил ноябрда Жанубий Кореяда коллежга кириш имтиҳони (College Scholastic Ability Test – CSAT) – энг муҳим ва машҳур имтиҳон ўтказилади. Шу кунларда дўконлар ёпилади, самолётлар кечикади, ҳатто ишга бориш ритми ҳам секинлашади. Имтиҳон кўплаб талабалар учун бир кунлик “марафон” каби, чунки у 8 соатдан ортиқ давом этади. Кўпчилик талабалар кун охирида имтиҳонни тугатиб, оиласи билан учрашади. Лекин кўриш қобилияти чекланган талабалар учун имтиҳон жуда узоқ давом этади – баъзан бу 12–13 соатгача чўзилади. Улар брайль (кўриш қобилияти чекланган ёки кўрмайдиган одамлар учун мўлжалланган махсус ёзув тизими)китобчалардан ва экран ўқийдиган компьютерлардан фойдаланиб, ҳар бир саволни қўл билан текширади ва маълумотни эслаб қолади. Математикада график ва жадвалларни ҳам фақат бармоқлари билан ўқийди.

Брайль китобчалари оддий китобларга қараганда 6–9 баробар қалинроқ бўлади, бу ҳам имтиҳон вақтини узайтиради. Шунингдек, имтиҳон давомида танаффус бўлмайди, овқатланиш вақти йўқ, шунинг учун уларнинг чидамлилиги катта синовдан ўтади.

18 ёшли Ҳан Донг-ҳюн туғма кўзи ожиз ва ёруғликни ажрата олмайди. У брайль китобчалар ва экран ўқийдиган компьютер ёрдамида имтиҳон топширади.

“Имтиҳон жуда узоқ ва чарчатади, лекин ҳеч қандай махсус ҳийла йўқ. Мен фақат ўқув жадвалимга риоя қиламан ва ўзимни бошқаришга ҳаракат қиламан”, дейди у.

Корейс тили бўлими айниқса қийин, чунки оддий китобча 16 бет бўлса, брайль версияси тахминан 100 бет бўлади. Экран ўқийдиган дастур ёрдамида ҳам эшитган маълумот тез ёддан чиқади, шунинг учун Донг-ҳюн ҳар бир тафсилотни хотирада сақлаши керак. Математикада ҳам график ва жадвалларни фақат бармоқлари билан ўқийди.

Олдин талабалар ҳисоб-китобни деярли бутунлай бошида қиларди, лекин 2016 йилдан бери “Braille notetaker – Hansone”  (бу кўрмайдиган ёки кўриш қобилияти чекланган одамлар учун мўлжалланган электрон қурилма) ишлатишга рухсат берилган.

“Кўзи ожиз бўлмаган талабалар қалам билан ёзгандек, биз ҳам Hansone’га брайлда ёзамиз ва босқичларни кузатиб борамиз”, дейди у.

Бошқа талаба Оҳ Жеонг-вон имтиҳон кунининг кечки қисми энг қийинлигини айтади. 
“Тушликкача ҳаммаси осон, лекин 4–5 дан кейин, инглиз тилидан кейин ва корейс тарихидан олдин – жуда қийин бўлади. Овқатланиш учун танаффус йўқ, шунинг учун чарчоқ кўп бўлади. Лекин охирида ютуқ борлигини билганим учун давом этаман”, дейди у.

Кўриш қобилияти чекланган талабалар учун энг катта муаммо – ўқув материалларини олишдаги қийинчилик. Машҳур дарсликлар ва онлайн маърузалар оддий талабалар учун қулай, лекин брайль версияси жуда кам. Кўплаб материалларни аудио ёки брайль форматга айлантириш қийин, баъзан бутун дарсликни қўлда ёзиш керак бўлади.

Тайёрлов китобларининг брайль версияси кеч етиб келади, шунинг учун кўп талабалар материални имтиҳондан бир неча ой олдин олади. 

“Оддий талабалар январь-март ойларида китобларни олиб, йил давомида ўқийди. Биз эса фақат август-сентабрда оламиз”, дейди Жеонг-вон.


Мақола муаллифи

Теглар

талаба Корея Кўзи ожиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг