Корея сунъий интеллектни тартибга солган илк давлат бўлди
Олам
−
23 Январь 2350 2 дақиқа
Жанубий Корея сунъий интеллектдан (СИ) хавфсиз фойдаланишни тартибга солувчи кенг қамровли қонунни расман қабул қилди. Ҳукумат маълумотига кўра, мамлакат бу борада дунёда биринчи бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Янги ҳужжатда “юқори хавфли” сунъий интеллект тушунчаси жорий этилган. Бундай СИ моделларига ядровий хавфсизлик, ичимлик суви ишлаб чиқариш, транспорт, соғлиқни сақлаш, молиявий иловалар, кредитга лаёқатлиликни баҳолаш ва кредит аризаларини текшириш соҳаларида қўлланиладиган тизимлар киради. Қонунга кўра, бундай моделлар ишлатилганда инсон назорати мажбурий бўлади.
Шунингдек, бозор иштирокчилари “юқори хавфли” ёки генератив СИ ишлатиладиган маҳсулот ва хизматлар ҳақида фойдаланувчиларни олдиндан хабардор қилиши шарт. Генератив СИ ёрдамида яратилган контентда унинг келиб чиқишини кўрсатувчи махсус белги бўлиши лозим.
Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги вакилининг айтишича, СИ ёрдамида яратилган контентни белгилаш технологиядан суиистеъмол қилиш, жумладан, дипфейклар яратиш каби салбий оқибатларнинг олдини олиш учун зарур эҳтиёт чораси ҳисобланади.
Қонун айрим ҳолатларда технологик компаниялардан Жанубий Кореяда расмий ваколатхона очишни ҳам талаб қилади. Бу талаблар кунига 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга бўлган ёки мамлакатдаги даромади 10 миллиард вондан ошадиган компанияларга татбиқ этилади. Шунингдек, Жанубий Кореяда хизмат кўрсатадиган ва йиллик глобал даромади 1 триллион вондан юқори бўлган компаниялар ҳам ушбу талабларга тушади. Бу мезонлар Google ва OpenAI каби компанияларга ҳам тааллуқлидир.
Қонунни бузган компанияларга 30 миллион вонгача жарима солиниши мумкин. Бироқ ҳукумат хусусий сектор мослашуви учун бир йиллик имтиёзли давр жорий этишни режалаштирмоқда. Ушбу даврда жарималар қўлланилмайди.
Бундан ташқари, қонунда ҳукумат сунъий интеллект саноатини ривожлантиришга кўмаклашиши шартлиги белгиланган. Фан ва ахборот-коммуникация технологиялари вазири ҳар уч йилда ушбу йўналиш бўйича сиёсат режасини тақдим этиши лозим. Шунингдек, СИ соҳасида қарорлар қабул қилувчи янги орган – Сунъий интеллект бўйича миллий стратегия бўйича Президент кенгаши ташкил этилади.
Live
Барчаси