“Адолатли жавоб”. Украина Россияни дронларга “кўмиб ташлади”
Олам
−
10:37 7740 2 дақиқа
Украина кеча, 17 майга ўтар кечаси Россиянинг Москва шаҳри ва Москва вилоятига йирик дрон ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда вилоят мэри Андрей Воробьёв хабар берди.
Унинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган, яна 17 киши жароҳат олган. Кейинроқ Ҳиндистоннинг Москвадаги элчихонаси қурбонлар орасида Ҳиндистон фуқароси ҳам борлигини билдирган.
Ҳужум ортидан Химки, Красногорск, Дедовск, Наро-Фоминск округи, Сергиев Посад ҳамда Зеленограддаги турар жой биноларига зарар етган.
Шереметьево халқаро аэропортида 200 дан ортиқ рейс бекор қилинган ёки кечиктирилган.
Шунингдек, икки нефть саноати объекти ҳам ҳужумга учраган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бир сутка ичида 1054 та украин дрони ва саккизта бошқариладиган авиабомба уриб туширилган. Улардан 556 таси 16 май кечқурундан 17 май тонгигача йўқ қилинган бўлиб, бу уруш бошланганидан бери энг оммавий дрон ҳужумларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳужумни террорчилик акти деб атаган.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса тунги ҳужумни Россиянинг Украинага, жумладан 14 май куни Киевдаги тўққиз қаватли уйга берилган ракета зарбасига “адолатли жавоб” деб атаган. Ўшанда 24 киши ҳалок бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, 16 майга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг Ставрополь ўлкасига ҳужум қилганди.