АҚШ виза суҳбати учун пуллик хизматни жорий этади

Олам

image

АҚШ Давлат департаменти бизнес ва сайёҳлик визаси олишни истовчилар учун янги пуллик хизматни ишга туширмоқда. Унга кўра, аризачилар қўшимча 750 доллар тўлаш эвазига виза суҳбатига анча тезроқ ёзилиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Янги дастур жорий йилнинг 1 июлидан 31 декабригача амал қилади. Хизматдан фойдаланган шахслар АҚШнинг айрим элчихона ва консулликларида тўлов амалга оширилганидан кейин 10 кун ичида суҳбат санасини олиши мумкин бўлади. Бунда 750 долларлик тўлов амалдаги 185 долларлик виза йиғимидан ташқари ундирилади.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда АҚШга кириш тартибининг мураккаблашиши виза расмийлаштириш жараёнларида кечикишларга сабаб бўлган. Айрим давлатлар фуқаролари учун қўшимча текширувлар жорий этилган, оқибатда кўплаб мамлакатларда виза суҳбатини кутиш муддати бир неча ойга чўзилган. Янги хизмат ушбу муаммони қисман бартараф этишга қаратилган. Бироқ қўшимча тўлов виза берилишини кафолатлашини англатмайди. Ушбу тўлов фақат суҳбат жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради. Аризачилар одатдаги тартибда текширувдан ўтади ва якуний қарор консуллик ходимлари томонидан қабул қилинади.

Давлат департаменти тезлаштирилган хизмат қайси элчихона ва консулликларда жорий этилишини дастур бошланишидан олдин эълон қилиши кутилмоқда. Расмийлар талаб юқори бўлса, лойиҳанинг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкинлигини ҳам маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Бостон шаҳридаги федерал судья Дональд Трамп томонидан жорий этилган янги H-1B визалари учун 100 минг долларлик тўловни бекор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

виза суҳбат пуллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг