АҚШ Яқин Шарққа яна 10 минг аскар юбориши мумкин – ОАВ

Олам

image

Пентагон яқин кунларда Яқин Шарққа яна 10 минггача қуруқлик ҳарбий хизматчиларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда вазирликдаги манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу кучлар пиёда қўшинлар ва зирҳли техникаларни ўз ичига олади ҳамда минтақага аллақачон юборилган 5 мингга яқин денгиз пиёдалари ва 82-ҳаво-десант дивизиясининг минглаб десантчиларига қўшилади. Бу Теҳрон билан музокаралар ҳақидаги баёнотларга қарамай, Президент Дональд Трампга ҳарбий жиҳатдан кўпроқ ҳаракат эркинлигини беради.

Қўшинлар айнан қаерга йўналтирилиши ҳозирча номаълум. WSJ тахминига кўра, улар Эрон чегараси ва Эрон ўз нефтининг 90 фоизини экспорт қиладиган Харг ороли яқинида жойлаштирилади.

“Axios” суҳбатдошининг сўзларига кўра, қарор келаси ҳафтада қабул қилиниши мумкин. Портал маълумотларига кўра, Пентагон Эронга “якуний зарба” беришнинг ҳарбий вариантларини ишлаб чиқмоқда, бу вариантлар қуруқликдаги қўшинлардан фойдаланишни ва оммавий бомбардимонни ўз ичига олиши мумкин.

Оқ уй раҳбари ҳозирча ушбу сценарийлардан бирортасини амалга ошириш бўйича якуний қарор қабул қилгани йўқ. Бироқ манбаларнинг таъкидлашича, агар Теҳрон билан музокаралар яқин орада сезиларли натижа бермаса, у вазиятни янада кескинлаштиришга (эскалацияга) тайёр. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка ҳарбийлари узоқ масофага учувчи Dark Eagle гипертовушли ракетасининг навбатдаги синовларини ўтказган эди. Армия узоқ масофали гипертовушли қуролга (Long-Range Hypersonic Weapon, LRHW) расман Dark Eagle номини атиги бир неча кун олдин берган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яқин Шарқ аскар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг