АҚШда 17 минг иммигрантнинг “права”си бекор қилинади

Олам

image

АҚШнинг Калифорния штати расмийлари муҳожир ҳайдовчилар рухсат этилган муддатдан узоқроқ ишлаётгани боис, уларга берилган 17 мингта тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Расмийларнинг айтишича, Калифорнияда ҳайдовчилик гувоҳномаси ва иш рухсатномасининг амал қилиш муддати бир хил бўлиши шарт. Жорий йилнинг 6 ноябрь куни ҳайдовчиларга 60 кун ичида гувоҳномалари муддати тугаши ҳақида огоҳлантирувчи мактублар юборилган.

Бу қарор мамлакат Президенти Дональд Трамп маъмурияти ва губернатор Гэвин Ньюсом ўртасида Калифорниянинг доимий яшаш манзилига эга бўлмаган ҳайдовчилар учун мўлжалланган тижорат гувоҳномалари дастури бўйича давом этаётган зиддият фонида қабул қилинган. Шунингдек, бу Федерал йўл хавфсизлиги маъмурияти томонидан ўтказилган бутун мамлакат бўйлаб аудитдан кейин эълон қилинган. Аудит АҚШда ноқонуний яшаган юк машинаси ҳайдовчиси Флоридада уч кишининг ўлимига сабаб бўлганидан кейин ўтказилган.

“Бу фақат музликнинг учидир. Менинг жамоам Калифорния ҳар бир ноқонуний муҳожирни юк машиналари ва мактаб автобуслари рулидан четлаштирганини исботлашга мажбур қилишда давом этади”, дейди Транспорт вазири Шон Даффи.

Аммо штат расмийларининг билдиришича, бу ҳайдовчилар “ноқонуний муҳожирлар” эмас ва уларга федерал ҳукумат мамлакатда ишлаш учун рухсат берган.

Маълумот учун, Калифорния Вашингтон ва Колумбия округидан ташқари ҳуқуқий мақомсиз муҳожирларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берадиган 19 штатдан бири ҳисобланади.

"Бундай гувоҳномалар одамларнинг хавфсиз ишлаши ва ҳаракатланишига ёрдам беради", дея таъкидлайди муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти жануби-ғарбий чегарада янги “ақлли девор” қуриш учун 4,5 миллиард долларлик шартномаларни имзолаши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп ҳайдовчилик гувоҳномаси Калифорния

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг