АҚШда ёш болалар орасида никотиндан заҳарланиш кўпайди
Олам
−
16 Июль 1831 2 дақиқа
АҚШда 6 ёшгача бўлган болалар орасида никотин билан заҳарланиш ҳолатлари кескин ошди. Бу ҳақда Америка Педиатрия академиясининг “Pediatrics” журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб, NBC News хабар берди.
Маълум қилинишича, 2010–2023 йиллар оралиғида АҚШ токсикологик марказларига 134 663 та шундай мурожаат бўлган. Ушбу ҳолатларнинг деярли барчаси уй шароитида содир бўлган. Энг кўп ҳолатлар никотинли пакетлар (Zyn бренди) ва вейплар суюқликлари билан боғлиқ. 2020 йилда ҳар 100 000 бола ҳисобига 0,48 та ҳолат тўғри келган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 4,14 тага етган – бу 763 фоизлик ўсиш дегани.
Никотинли пакетлар тамаки таркибига эга эмас, аммо ҳар бирида 6 миллиграммгача кучли никотин бўлади. Мевали ёки ялпизли таъми болаларни ўзига тортади, устига-устак, маҳсулотлар ҳимояловчи қадоқларсиз сотилади.
Мутахассислар никотинли маҳсулотларни болалар кўрмайдиган, очолмайдиган жойда сақлаш кераклиги, ота-оналар эса фарзандлари билан очиқ суҳбат қилиши муҳимлигини таъкидламоқда. Чунки баъзан ўсмирлар ҳам бу маҳсулотлардан яширинча фойдаланиши мумкин. Токсикологлар ота-оналарга заҳарланиш ҳолатида тез ёрдам чақиришни тавсия қилади.
Маълумот учун, никотин ўта заҳарлидир. У юрак уришини тезлаштиради, қон босимини кўтаради, кўнгил айниши, қусиш, ҳатто ҳушдан кетиш ва нафас олишда қийинчиликка олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати мамлакатда электрон сигареталар бутунлай тақиқланишини маъқуллаганди.
Live
Барчаси