Алимент тўловчилар суғурта билан чет элга чиқиши мумкин. Бу қандай ишлайди?

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистонда алимент тўловчилар суғурта полиси орқали чет давлатга уч ойгача муддатга бориб келиши мумкин бўлиши хабар қилинганди. Хўш, янги тартиб қандай ишлайди? QALAMPIR.UZ бу бўйича Мажбурий ижро бюросидан изоҳ олди.

Маълумки, “Суд ҳужжати асосидаги ижро ҳужжатларини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш бўйича ваколатли давлат органларининг ҳамкорлиги тўғрисида”ги низомга қўшимчалар киритилиши билан алимент тўлаши шарт бўлган шахслар суғурта полисини илова қилган ҳолда илтимоснома билан мурожаат қилганда, давлат ижрочиси уларнинг чет давлатга чиқиши бўйича вақтинчалик чекловни тўхтатиб туриши ҳақида янгича  норма қабул қилинди.

Мавжуд қонунчиликка кўра, суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор  чиқаришга   ҳақли. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжати талаблари ижро этилганда, тугатилганда, тамомланганда қўйилган чеклов олиб ташланади. Бироқ алиментга оид ҳужжатлар бўйича жорий қарздорлик тўланганлиги чекловни олиб ташлашга асос бўлмайди. Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чекловни олиб ташлаш учун қарздор бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга алимент тўловларини олдиндан амалга ошириши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан (103 млн сўм) кам бўлмаган гаров шартномасини тузиши лозим бўлади.

Янги киритилган ўзгариш эса жисмоний шахснинг чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклашни олиб ташлашни назарда тутмайди, балки қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни ҳаракатдан тўхтатиб туришини белгилаб беради. 
Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида шифохонага ётқизишни талаб қиладиган қарздорнинг соғлиғини тиклаш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ёки қарздор хорижий давлатга чиқувчи расмий делегация таркибига киритилганда чеклов вақтинча ҳаракатдан   тўхтатилиши   мумкин.

Янги қабул қилинган ҳужжатга асосан эса алимент тўлаши шарт бўлган, чет давлатга уч ойгача бўлган муддатга бориб келмоқчи бўлган шахслар чет давлатдан қайтиб келмаслиги оқибатида вужудга келиши мумкин бўлган алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарлиги суғурта фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар томонидан суғурталанади. Бунда  суғурталаш шартлари суғурталовчилар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида тузиладиган бош келишувда белгиланади.

Шунингдек, алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишга доир суғурта полиси мавжуд бўлганда, суғурта полисининг мавжудлиги Мажбурий ижро бюроси ва Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали автоматик равишда аниқланади. Агар қарздор суғурта полисида белгиланган муддатда қайтиб келмаганида, суғурта компанияси алимент тўлаши шарт бўлган муддат давомида тўлаши лозим бўлган алимент миқдорини низосиз тартибда  тўлаб бериши лозим бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

суғурта алимент суғурта полиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг