Араухо “Барселона”дан руҳий тикланиш учун вақт сўради
Спорт
−
02 Декабрь 813 2 дақиқа
“Барселона” марказий ҳимоячиси ва сардори Рональд Араухо ўзини яхши руҳий ҳолатда эмас, деб ҳисоблагани учун клубдан қисқа муддат дам олишни сўради. Бу ҳақда “Mundo deportivo” нашри хабар берди.
Манбага кўра, клуб Араухонинг руҳий ҳолатини тиклашни устувор деб билган ҳолда, бу сўровни бир зумда қабул қилган. “Барселона” унга ўзига келиб олиш учун белгиланмаган муддатда вақт ажратган.
Уругвайлик футболчи Чемпионлар лигаси 5-турида Лондоннинг “Челси” жамоасига қарши ўйинда (0:3) олган қизил карточкасидан сўнг мухлислар томонидан катта босимга дуч келди. Ҳатто айрим мухлислар футболчидан воз кечиш керак, деган фикрда.
Шунингдек, Араухони клуб президенти Жоан Лапортадан қўллаб-қувватламоқда.
“Мен Араухо биланман ва уни ҳимоя қиламан. У жуда кўп танқид қилинди, менимча, бу адолатсизлик. У майдонда бор кучи билан ўйнайди, у бизнинг сардоримиз. Энди у бу лаҳзани енгиб ўтиши керак. У жуда ҳиссиётли, кучли туйғуларга эга. Сўнгги вақтларда оғир даврни бошдан кечирмоқда. Шуни айта оламанки, биз доим унинг ёнида бўламиз”, деди Лапорта.
Маълумот учун, Рональд Араухо жорий мавсумда “Барселона” сафида барча турнирларда 15 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урган. Ҳимоячи “Челси” га қарши ўйиндан сўнг Ла Лига доирасидаги “Алавес”га қарши ўйинни соғлиғидаги муаммолар сабаб ўтказиб юборган эди.