Автомобиль импорти бўйича чекловлар бекор қилинди 

Жамият

image

Энди жисмоний ва юридик шахслар бир йил ичида хориждан биттадан кўп транспорт воситаси олиб кириши мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 июндаги “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 104-сонли фармонида сўз боради.

Ҳужжатга биноан, 2029 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, қурилиш ишларида фойдаланиладиган махсус техника воситалар ҳамда лаборатория ва инструментал кўрик асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилди. Бунда Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда божхона божидан озод этиладиган махсус техника воситалари рўйхатини тасдиқлайди. 

Бундан ташқари, 2026 йил 1 сентябрдан:

  • биноларни қайта қуриш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш хизматлари бирлаштирилиб, ягона “архитектура ва шаҳарсозлик талаби” тизими йўлга қўйилади; 
  • кўп квартирали уйлар, меҳмонхоналар, савдо мажмуалари ва қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган бюджет объектларида видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатиш тартиби жорий этилади; 
  • объектларни электр, газ ва сув тармоқларига улаш “1 та ариза – 1 та тўлов – барча уланиш нуқталари” тамойили асосида соддалаштирилади. 

Шунингдек, ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган “Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”га киритилган ўзгартиришларга кўра, жисмоний ва юридик шахслар томонидан транспорт воситасини импорт қилишда бир йилда бир дона транспорт воситасига мувофиқлик сертификати берилишига доир норма бекор қилинди. 

Унга кўра, жисмоний ва юридик шахслар томонидан транспорт воситасини импорт қилишда мувофиқлик сертификати беришдаги “бир йилда бир дона транспорт воситаси” чеклови олиб ташланди. Яъни, энди жисмоний шахслар ҳам хориждан чекловларсиз автомобиль импорт қилиши мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу фармонга мувофиқ энди қурилишга рухсат олишда тадбиркорларнинг харажатлари 2 баробаргача қисқартирилиши белгилангани ҳақида хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

божхона Президент фармони импорт Автомобиль

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг