Биринчи Россия-Араб саммити қолдирилди
Олам
−
09 Октябрь 6506 2 дақиқа
Жорий йил 15 октябрь куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган биринчи Россия-Араб саммити кейинга қолдирилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 9 октябрь куни давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлиб турган Россия Президенти Владимир Путин Ироқ Республикаси Бош вазири, Араб давлатлари лигаси саммитининг амалдаги раиси Муҳаммад Суданий билан телефон орқали суҳбат қилган.
“Суҳбат давомида 15 октябрь куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган биринчи Россия–Араб саммити муҳокама қилинди. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторидаги нормаллаштириш бўйича режаси фаол амалга оширила бошлаганини ҳисобга олган ҳолда, Владимир Путин ва Муҳаммад Суданий ушбу вазиятда кўплаб араб давлатлари раҳбарларининг шахсан Москвага келишлари қийин бўлишини таъкидлади. Шу боис, тилга олинган Россия–Араб саммитини кейинроқ, қўшимча келишиладиган муддатга кўчириш мақсадга мувофиқ деб топилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Россия ва Ироқ томонлари янги сана ҳақидаги маълумотни дипломатик каналлар орқали барча араб давлатлари пойтахтларига етказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режасининг биринчи босқичи бўйича келишувга эришганини маълум қилган эди. Келишувга кўра, асирлар энг қисқа муддатда озод этилади, Исроил қуролли кучлари эса олдиндан белгиланган чизиққача орқага чекинади.