Боғчаларда оммавий заҳарланган болалар ҳақида қўшимча маълумот берилди (видео)
3-саҳифа
−
28 Сентябрь 10859 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Айни вақтда 182 нафар бола шифохоналарда даволанишда давом этмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Штаб фаолиятида иштирок этаётган махсус комиссия вакилларининг хулосасига кўра, беморларнинг барчасига ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган.
Отабековнинг қайд этишича, бу касаллик аксарият ҳолларда икки-уч кун давом этадиган ва тўғри даволаш муолажалари амалга оширилса, тезда даволаниб кетадиган касалликлар тоифасига киради. Шу муносабат билан беморлар тез кунларда соғайиб, уйларига қайтмоқда ва бу ижобий динамика давом этяпти. Уларнинг аҳволи енгиллашган, аввалроқ ўртача оғирликда дейилган болаларнинг ҳолати ҳам яхшиланган, бирорта оғир аҳволдаги бемор қолмаган.
“Барча болаларнинг даволаниш жараёни давлат назоратида. Болаларнинг соғайиш динамикаси ижобий тенденция билан давом этяпти”, деди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланганди.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков 26 сентябрь куни жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилганини айтганди. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Ўшанда Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 694 бола даволанаётган эди. Уларнинг 13 нафари ўртача оғир аҳволда эди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь