Бугун Жаҳон чемпионати старт олади
Спорт
−
09:47 5715 1 дақиқа
Бугун, 11 июнь куни футбол бўйича Жаҳон чемпионати старт олади. Турнирнинг очилиш учрашуви Мехико шаҳридаги машҳур “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 23:50 да бошланади.
Турнирнинг очилиш учрашувида мезбон Мексика терма жамоаси Жанубий Африкага қарши майдонга тушади. Шу тариқа “Ацтека” стадиони тарихда учинчи бор Жаҳон чемпионатининг очилиш баҳсига мезбонлик қилади.
Бу галги очилиш маросимида колумбиялик қўшиқчи Шакира ва Бурна Бой билан биргаликда 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий қўшиғи “Даи Даи”ни ижро этади.
Мексикадаги шоуда колумбиялик реггетон ижрочиси Ж. Балвин ҳамда жанубий африкалик хонанда Тула ҳам иштирок этади.
2026 йилги мундиаль турнир тарихидаги энг йирик Жаҳон чемпионати бўлади. Мусобақада 48 та терма жамоа қатнашади ва жами 104 та учрашув ўтказилади. Финал баҳси эса жорий йилнинг 19 июль куни Нью-Жерсидаги “МетЛайф” стадионида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Фабио Каннаваро шогирдлари “К” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикасига қарши баҳс олиб боради. Ўзбекистоннинг мундиалдаги илк баҳси жорий йилнинг 18 июнь куни Мехикода Тошкент вақти билан соат 7:00 бошланади.
Live
Барчаси