Жаҳон чемпионатида ҳакамлар қанча маош олади?

Спорт

image

2026 йилги Жаҳон чемпионатида ишлайдиган ҳар бир бош ҳакам 100 минг доллардан гонорар олади. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди. 

Маълум қилинишича, АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган мундиалда фаолият юритадиган бош ҳакамлар учун белгиланган тўлов миқдори 2014 йил Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатида тўланган маблағдан қарийб икки баробар кўпайган.

Мундиалга жалб қилинган ҳар бир бош ҳакам учун 100 минг доллар миқдорида кафолатланган гонорар белгиланган. Ёрдамчи (қанот) ҳакамлар эса мусобақада иштирок этгани учун 25 минг доллардан олади.

Бундан ташқари, ҳар бир ўйин учун алоҳида ҳақ тўланади. Бош ҳакамлар гуруҳ босқичида бошқарган ҳар бир учрашув учун 3 мингдан 5 минг долларгача, плей-офф босқичида эса 10 минг доллардан ҳақ олади.

Ёрдамчи ҳакамлар ва тўртинчи расмийлар учун гуруҳ босқичидаги ҳар бир учрашув 2,5 минг долларга баҳоланган бўлса, плей-офф босқичида бу кўрсаткич 5 минг долларгача ошади.

VAR ҳакамлари ҳам гуруҳ босқичида ҳар бир ўйин учун 3 минг доллар, плей-офф босқичида эса 5 минг доллардан ҳақ олади.

Энг катта даромад эса, мундиал финалини бошқарадиган ҳакамларга насиб этади. Ҳисоб-китобларга кўра, финал учрашувига тайинланган бош ҳакам базавий гонорар, ўйин бонуслари ва бошқа тўловларни қўшиб ҳисоблаганда, биргина турнирнинг ўзида 250 мингдан 300 минг долларгача маблағ ишлаб топиши мумкин.

Маошларнинг кўтарилишига, шунингдек, кенгайтирилган формат туфайли ҳакамлар юкламасининг ортиши ҳам сабаб бўлган.

2026 йилги Жаҳон чемпионатида жами 52 нафар бош ҳакам, 88 нафар ёрдамчи ҳакам ва 30 нафар VAR ҳаками ишлайди. Уларнинг фаолияти бир неча йил давомида кузатиб борилади ва турнир бошланганидан кейин деярли ҳар бир ўйиндан сўнг таҳлил қилинади.

Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ҳакамлардан Ильгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси фаолият олиб боради.

Маълумот учун, Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини бугун, 11 июнь куни Мехикодаги машҳур “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Финал баҳси эса 19 июль куни Нью-Жерсидаги “МетЛайф” стадионида ташкил этилади. Учинчи ўрин учун баҳс Майами шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жаҳон чемпионати Ильгиз Танташев ҳакам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг