Ўзбекистоннинг мундиалдаги базаси аниқ бўлди
Спорт
−
16:56 2681 1 дақиқа
Жаҳон чемпионати давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасига Жоржия штатининг Атланта шаҳри база вазифасини ўтайди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.
Маълум бўлишича, Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоа мундиал давомида Атланта шаҳрида истиқомат қилади ва машғулотларни “Атланта Юнайтед” клубига қарашли машғулот базасида олиб боради.
Қайд этиш жоиз, турнир давомида FIFA томонидан 61 та локация танланган бўлиб, улар мусобақа иштирокчиларининг истиқомат қилиши ва машғулот ўтказиши учун мўлжалланган.
Базаларга жойлаштириш жараёни терма жамоаларнинг ўйинлар ўтказиладиган шаҳар ва стадионлар географиясидан келиб чиқиб белгиланади. Гуруҳ босқичи учрашувлари давомида иштирокчилар бошқа шаҳарларга махсус чартер рейслари орқали етиб бориб, ўйин якунлангач ўз базасига қайтиб келади.
Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олган Португалия терма жамоаси- Палм-Бич-Гарденсга, Колумбия эса Колумбус шаҳрига жойлашади.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатини 2026 йил 17 июнь куни Колумбияга қарши баҳс билан бошлайди. Навбатдаги учрашув 23 июнь куни Роналду етакчилигидаги Португалияга қарши бўлиб ўтса, гуруҳ босқичининг сўнгги баҳси 27 июнь куни ўтиш ўйини ғолибига қарши ўтказилади.