Эрдўған Ғазо бўйича келишувни геосиёсий қуролга айлантирди

Таҳлил

image

Туркиянинг ҲАМАС билан алоқалари, аввал Вашингтонда салбий омил сифатида кўрилган бўлса, эндиликда геосиёсий устунликка айланди. ҲАМАСни Дональд Трампнинг Ғазо бўйича келишувини қабул қилишга кўндириш орқали Анқара Яқин Шарқ сиёсий саҳнасида ўз таъсирини янада мустаҳкамлади – бундан эса Исроил ва айрим араб рақиблар норози бўлди. Бу ҳақда манбаларига тайиниб, “Reuters” хабар берди.

Аввалига АҚШ Президентининг ультиматуми – “Исроил гаровдаги фуқароларни озод қилсин ёки вайронагарчилик давом этади” – ҲАМАС томонидан рад этилган эди. Аммо бу рад жавоби Туркия босими остида ўзгарди: ҳаракат раҳбарлари, ўзларини сиёсий ҳомий деб биладиган мамлакат – Туркия томонидан келишувни қабул қилишга чақирилганидан кейин, розилик билдирди.

Икки минтақавий манба ва икки ҲАМАС расмийси “Reuters” агентлигига билдиришича, Анқаранинг “қабул қилиш вақти келди”, деган хабари иккиланмас тарзда етказилган:

“Туркия деган жойдан чиққан бу жентльмен – дунёдаги энг кучли одамлардан бири”, деган Трамп ўтган ҳафтада ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этиш режасига рози бўлганидан сўнг.

Унинг сўзларига кўра, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған – “ишончли иттифоқчи, унга керак пайтда ҳар доим ёнида бўлади”.

Эрдўғаннинг Ғазо бўйича ҳужжатга қўйган имзоси Туркиянинг Яқин Шарқда марказий ўрин эгаллаш йўлидаги ҳаракатларига янги куч берди. У сўнгги йилларда айнан шундай нуфузни қайта тиклашга, ҳатто Усмонли давридаги етакчиликни эсга олиш орқали ҳаракат қилиб келмоқда.

“Келишувдан кейин Туркия энди будан сиёсий фойда олишни, шу жумладан АҚШ билан икки томонлама муносабатларда ютуққа эришишни кўзламоқда”, деди манбалар.

Истанбулдаги EDAM тадқиқот маркази директори ва Carnegie Europe фонди катта илмий ҳамкори Синан Улгеннинг таъкидлашича, Анқаранинг ҲАМАСни Трампнинг Ғазо келишувини қабул қилдиришдаги муваффақияти унга янги дипломатик таъсир кучини берди – ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда.

Унинг айтишича, Туркия энди Вашингтондаги янгиланган ишонч муҳитини қўллаб, қуйидагиларни илгари суриши мумкин:

  • тўхтаб қолган F-35 қирувчи самолётлари сотувини қайта жонлантириш;
  • АҚШ санкцияларини енгиллатиш;
  • қўшни Суриядаги хавфсизлик мақсадларини илгари суришда Вашингтон ёрдамини олиш.

“Агар Трампнинг мақтовга тўла баёнотлари ҳақиқатан ҳам узоқ муддатли ишончга айланса, Анқара шу импульс орқали кўп йиллик келишмовчиликларни ҳал қилиш учун ундан фойдаланиши мумкин,” деди Улген.

Трамп ва Эрдўған учрашувида муносабатларни янгилаш бошланди

Анқара ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик муносабатларни қайта кўриб чиқиш жараёни, расмийлар айтишича, Эрдўғаннинг сентябрь ойидаги олти йилдан сўнг илк марта амалга оширилган Оқ уй ташрифи давомида бошланган.

Учрашувда 2020 йилда Туркиянинг Россиядан С-400 ракета тизимларини сотиб олиши туфайли АҚШ томонидан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди. Бу қарор ўшанда Вашингтонни қаттиқ ғазаблантирган ва Туркиянинг F-35 дастуридан чиқарилишига сабаб бўлган эди.

Яна бир муҳим масала – Сурия бўлди. Туркия АҚШ қўллаб-қувватлаётган Сурия демократик кучлари (SDF)ни Сурия армияси таркибига қўшишга босим ўтказмоқчи. Анқара бу гуруҳни террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган Курд ишчилар партияси (PKK) билан боғлиқлиги сабабли таҳдид сифатида кўради.

Бу ҳаракат самара бераётгандек кўринади: SDF қўмондони Мазлум Абди Сурия армиясига қўшилиш бўйича механизм мавжудлигини тасдиқлади. Туркия бу натижани стратегик ютуқ сифатида кўради.

Ғазо келишуви Туркиянинг нуфузини янада оширган бир қатор воқеалардан кейин амалга ошди. Трамп йил бошида Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни Анқарада ўтказгани учун Эрдўғанни мақтаган эди. Шунингдек, 2024 йилда Сурияда Башар Асад ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Туркиянинг минтақадаги таъсири яна ўсди – Анқара у ерда мухолифат кучларини қўллаб-қувватлаганди.

Туркиянинг Яқин Шарқда етакчи ролни қайта тиклаш истаги айримларга Усмонли империяси меросини эслатмоқда. Бир аср муқаддам унинг парчаланиши натижасида ҳозирги Туркия секуляр республикага айланган ва минтақавий дипломатияда четланиб қолган эди.

Йиллар давомида Анқара Исроил-Фаластин низосини ҳал қилиш бўйича юқори даражадаги музокаралардан узоқда бўлган. Эрдўған ҳокимияти остида Туркиянинг исломчи ҳаракатларга, жумладан ҲАМАСга сиёсий ва дипломатик кўмак бериши Исроил ҳамда қатор араб давлатлари билан муносабатларни кескинлаштирган. Шунингдек, НАТО қадриятларидан оғиш сифатида қабул қилинган сиёсат ҳам уни тинчлик жараёнларидан узоқлаштирган.

Бироқ Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар тўхтаб қолган пайтда, Трамп айнан Эрдўғанга мурожаат қилди, унинг ҲАМАС устидаги таъсирига ишонди. Туркия расмийлари, жумладан разведка раҳбари Иброҳим Калин ҲАМАСга ушбу келишув минтақавий ҳамда АҚШ қўлловига эга эканини, Трамп шахсан кафолат берганини маълум қилди.

“Reuters” гаплашган икки дипломатнинг айтишича, шу йўл билан Трамп Анқарага Яқин Шарқдаги сунний етакчи давлат сифатида орзу қилган ролини берган. Бу эса Исроил ва унинг араб рақибларини – жумладан Миср, Саудия Арабистони ва БААни безовта қилган. 

“Эрдўған ўз нуфузини кенгайтириш, вазиятдан фойдаланиш, воқеаларни ўз манфаатига буриш ва ундан сиёсий фойда олишда устаси фаранг. Шубҳасиз, Кўрфаз мамлакатлари Туркиянинг Ғазо бўйича етакчи ролини хушламади, аммо улар ҳам уруш тугашини, келишув бўлишини ва ҲАМАС четга чиқарилишини хоҳлаган”, дейди араб сиёсий шарҳловчиси Айман Абдул Нур.

Ливанлик таҳлилчи Саркис Наумнинг таъкидлашича, араб давлатлари Туркия билан урушни тугатишда умумий манфаатга эга бўлса-да, Анқарага берилган ортиқча роль уларни хавотирга солган, чунки бу тарихдаги Усмонли ҳукмронлигини эслатади.

ҲАМАС учун энг катта хавотир шунда эдики, Исроил келишувни бузиб, ҳарбий амалиётларни қайта бошлаши мумкин эди. Минтақавий манбаларнинг таъкидлашича, ўзаро ишончсизлик жараённи деярли издан чиқарган.

“Биргина ҳақиқий кафолат тўрт томондан келди: Туркия, Қатар, Миср ва Америка. Трамп шахсан сўз берди. АҚШнинг позицияси шундай эди: “гаровдагиларни озод қилинг, жасадларни топширинг ва мен уруш қайта бошланмаслигига кафолат бераман”, деди ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийларидан бири “Reuters”га.

ҲАМАСга кучли босим

Туркиянинг музокараларга қўшилишига дастлаб Исроил қаршилик қилган, аммо икки дипломатнинг маълум қилишича, Трамп аралашиб, Исроилга Анқаранинг иштирок этишига рухсат бериш учун босим ўтказган.

ҲАМАСнинг юқори мартабали вакили айтганича, Ғазонинг ҳарбий раҳбарлари тўхташ келишувини таслим бўлиш сифатида эмас, балки тинмай давом этаётган дипломатик босим, оғир гуманитар инқироз ва урушдан чарчаган аҳоли сабабли қабул қилган.

Бу келишув натижасида 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужуми пайтида олинган исроиллик гаровдагилар озод қилинди. Ушбу ҳужумда 1 200 киши ҳалок бўлган, шундан сўнг бошланган Исроил босқини оқибатида, Ғазо соғлиқни сақлаш идораларининг маълумотларига кўра, 67 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Ғазо келишуви Фаластин давлатига олиб борувчи йўлни очадими-йўқми – бу ҳали номаълум. Туркия ҳамда Қатар ва Миср каби араб давлатлари бу режада икки давлат ечимига йўл харитаси йўқлигини таъкидламоқда – бу эса фаластинликларнинг тарихий талаби ҳисобланади.

Урушдан кейинги ҳолатда Ғазога турк қўшинларини жойлаштириш эҳтимоли ва анклав хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳақида сўралганда, Эрдўған 8 октябрда шундай деганди: тўхташ келишуви музокаралари бу масалани батафсил муҳокама қилиш учун муҳим, бироқ ҳозирги устувор вазифа – тўлиқ ўқ тўхтатишга эришиш, ёрдам етказиш ва Ғазони қайта тиклашдир.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Дональд Трамп Ражаб Тойиб Эрдўған Яқин Шарқ Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг