Эрон “булут экиш” операциясини бошлади
Олам
−
17 Ноябрь 21706 2 дақиқа
Эрон ҳукумати ёғингарчиликни келтириб чиқариш учун “булут экиш” операцияларини бошлади. Бу ҳақда “Iran International” хабар берди.
Маълумотларга кўра, мамлакат сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли қурғоқчиликка дуч келмоқда. Мамлакатнинг шимоли-ғарбида жойлашган Урмия кўли ҳавзасида жорий ёғингарчилик мавсумида биринчи марта “булут экиш” операцияси амалга оширилган.
Қайд этилишича, Урмия Эроннинг энг катта кўли бўлиб, қурғоқчилик туфайли деярли қуриган ва кенг тузли майдонга айланган. Шунингдек, хабарда бу каби операциялар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам амалга оширилиши қўшимча қилинган.
“Операция ёмғирни қўзғатиш учун кумуш, ёдид ва туз каби зарраларни самолётдан булутларга пуркаш жараёнини ўз ичига олади. Ўтган йили Эрон ушбу амалиёт учун ўз технологиясини ишлаб чиққан”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Шунингдек, мамлакат метеорология хизматининг маълум қилишича, бу йил ёғингарчилик ўртача кўрсаткичга нисбатан қарийб 89 фоизга камайган. Илмий шарҳлар шуни кўрсатадики, қулай атмосфера шароитида бу жараён ёғингарчиликни 5-15 фоизга ошириши мумкин.
Маҳаллий расмийларга кўра, мамлакат пойтахти Теҳронда ёғингарчилик миқдори сўнгги асрдаги энг паст даражага етган ва вилоятларнинг ярмида бир неча ой давомида ёмғир ёғмаган. Кўп вилоятларни таъминловчи сув омборларидаги сув сатҳи рекорд даражада пасайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сунъий тарзда қор ва ёмғир ёғдирилиши ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев